25K117Telegramda ochish
Дов 100 миллион сўмга чиқади. Микроқарзларнинг максимал миқдори оширилмоқда Агар таклиф этилаётган лойиҳа кучга кирса, ажратиладиган микроқарзларнинг энг кўп миқдори 50 миллион сўмдан 100 миллион сўмга етказилади. Негадир банкларга аффилланган мутахассислар тарафидан ушбу таклиф бир томонлама хулосалар асосида ижобий баҳоланмоқда. Масаланинг муаммоли ва оқибат омилларига кўз юмилаётгандек. Биринчидан, ташаббускорлар таклиф этилаётган ўзгартиришларни Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 4 августдаги 336-сон қарорининг 4-банди ижросини таъминлаш билан изоҳлашмоқда. Бу қарорда нима дейилган? Биз билмаймиз. 336- сонли қарор очиқланмаган ёпиқ ёки махфий қарор (ҳукуматнинг ҳар икки қароридан бири ёпиқлиги борасида айтавериб, ҳамма чарчади). Балки жамоатчилик билмайдиган бирон муҳим маълумот бордирки, микроқарзлар миқдори кескин оширилмоқда. Иккинчидан, таклифни асослашда доимгидек қулай йўлдан, яъни "қўл келадиган мамлакатлар" тажрибаларига ҳавола берилган. Нормал ва ўзини ҳурмат қиладиган давлат одамхўрлик ва қонхўрлик мафкурага айланган Россия ва Беларусь тажрибаларига апелляция қилишдан четроқда бўлади. Лекин нафақат булар, балки қолган саналган давлатлар — Қозоғистон, Грузия ва Руминияда аҳоли даромадлари Ўзбекистондагидан 3-8 баробаргача юқори. Нега биздан каррасига бой давлатлар лимитларини қабул қилишимиз керак? Нега масалан Ўзбекистон каби қашшоқ Қирғизистон, Бангладеш ё Молдова реалликлари мисол келтирилмаган? Учинчидан, нега таҳлилий маълумотларда муаммоли микроқарзлар (NPL) улуши ва динамикаси кўрсатилмаган? Бу лимитни кўтаришда энг муҳим нуқта-ку! Ё аҳвол унчалик яхшимаслигини билиш қарорни ўтказиб олишга тўсқинлик қиладими? Банкларда микроқарзлар бўйича NPL қанча ва қандай ўзгармоқда? Микромолиялаш ташкилотларида-чи? Тўртинчидан, микроқарз банк маҳсулоти сифатида бозорга чиқарилган 2018 йилдан буён ўртача иш ҳақи расман 2,7 баробарга ошган. 2018 йилда микроқарзнинг энг кўп миқдори 22,3 млн.сўм эди. Лойиҳа маъқулланса, микроқарзнинг энг кўп миқдори 2018 йилга нисбатан 4,5 баробарга ошган бўлади. Бошқача айтганда, 2018 йилда энг кўп микроқарз суммасини 13та ўртача ойлик билан ёпиш мумкин бўлган бўлса, энди 23 та ўртача ойлик билан ёпиш мумкин бўлади. Хатар даражасини қандай даражада оширилаётганини тасаввур этаяпсизми? Мен ҳали микроқарзлардан асосан паст даромадли қатлам, ўқитувчилар, дўхтирлар, расмий даромадга эга бўлмаганлар фойдаланишини айтмаяпман. Ниҳоят бешинчидан, микроқарз банк ва нобанк маҳсулотлари ичида энг кўп янги қарз билан ёпиладиган мажбурият ҳисобланади (афсуски, таҳлилларда шу жойи яна тушириб қолдирилган). Давлат банкларида йил ва ой охирида бошқа кредитларни ёпиб туриладиган асосий маҳсулот ҳам микроқарз. Энг қиммат ҳисобланган микроқарздан фойдаланувчилар кўпинча ҳисоб ва имкониятларини тўғри баҳолай олмайдилар. Даромадларнинг ўсиши деярли тўхтаб қолгани, келаси йилга бизни янада оғир вазият кутаётгани инобатга олинса, янги оширилган микроқарз лимити ҳеч қачон чиқиб бўлмас қопқонга дўнади ва бироз вақт ўтиб банкларнинг тижорий муаммосидан давлатнинг ижтимоий муаммосига айланади. Бизга шу керакми? Умид қиламанки, мазкур лойиҳа қабул қилинмайди.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish →

Arxivda shunga yaqin