Тошкентнинг ёпиқ бюджети: Артикходжаев ўчириб юборганди, Умрзаков чеканкалаб ташлади
2023 йил тугашига бир кун қолганида Тошкент шаҳар бюджетининг 9 ойлик якунлари бўйича ижроси чеканкаланган ҳолда очиқланди. Пойтахт кенгаши қарорида бюджет даромадлари манбалари қирқимида режаси ва ижроси, харажат моддалари бўйича режа ва кассаси очиқланмаган.
Яъни, бюджетнинг бутун моҳиятини акс эттирадиган асосий маълумотлар чеканкаланган.
Пойтахт маъмурияти нимага бундай қарорга келганини тахмин қилиш мумкин. Чунки 2023 йилнинг 6 ойида Тошкент ҳокимияти таълим, медицина ва нафақадан харажатларни қисган ҳолда, тежалган пулларни ҳокимлар, чиновниклар ва уларнинг илкидаги ёрдамчи шотирлар тақсимотидаги йўналишларга ишлатгани кулги ва танқид остига олинган эди. 9 ой якунлари бўйича аҳвол бунданда бадтар бўлгани эҳтимоли юқори.
Тошкентнинг сайланмаган ҳокимлари бюджетнинг ўзи билганча ишлатиб, маълумотларни халқдан яшириши биринчи марта эмас. Ўтган 2022 йилда 9 ойлик якунлар бўйича бюджет ижроси бўйича ёқимсиз саволлар туғилгач, Артикходжаев маъмурияти бюджет ижросига оид маълумотларни ўчириб юборганди.
Сайланмаганларнинг ёмони кетиб, яхшиси келмайди дейилгани рост. Умрзаков жаноблари Артикходжаевни бу борада ортда қолдира олди (ҳатто айримларда Артикходжаев ностальгияси пайдо бўла бошлади), энди тийиқсиз чайилган бюджетни ўчириш эмас, яшириш йўлига ўтишди.
Августдан кейин бюджет маълумотларининг очиқлигини бошқатдан таъминлаш йўлига ўтган Иқтисодиёт ва молия вазирлиги пойтахтдаги вакилларининг бундай ноу-хаусига қандай қарайди? Маъқуллайдими? Индамайдими? Давом этаверишсинми?
Ош ва зарбоп тўнга ўргатилган халқаро молиявий ташкилотлар-чи?
- https://e-qaror.gov.uz/doc/1616184gov.uz
- https://t.me/the_bakiroo/7419@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/5768@the_bakiroo