Ҳукуматнинг ўнг қўли нима қилаётганини чап қўли биладими?
Ҳукуматнинг ёпиқ баённомаси билан давлат харидларида хорижий товарлар иштирокини чеклаш қоидалари янада кучайтирилмоқда. Ўзи бусиз ҳам маҳаллийлаштириш мафияси (шартли Картель) лоббиси билан 520дан ортиқ хорижий товарлар бўйича давлат харидларида иштирок тақиқланган эди.
Энди эса давлат харидларида нафақат бош пудратчи, пудратчи ва субпудратчи ҳам давлат харидларининг тўлақонли иштирокчиси деб топилмоқда. Бу дегани ушбу иштирокчиларга ҳам, улар ҳатто хусусий субъект бўлсада, давлат харидларига оид тақиқлар қўлланилади.
Шунингдек. давлат харидларида ҳатто битта маҳаллий таъминотчи иштирокчи этса ҳам уларга 15%лик нарх устунлиги берилади. Илгари 15%лик преференцияга эга бўлиш учун камида 3та иштирокчи даъвогар бўлиши керак эди. Бу билан ҳукумат маҳаллийлаштириш ниқоби остида ўзбекистонликларни шилишда давом этаётган Картелнинг амалда нақадар ожиз ва мўртлигини, рақобатга заррача тоқати йўқлигини тан олмоқда.
Ҳаммадан қизиғи, мазкур ёпиқ протокол ҳукуматнинг бошқа бир ҳужжати, рақобатни қўллаб-қувватлашга оид қарори қабул қилинган қарор билан бир ҳафтада қабул қилинган. Яъни феълан ҳукуматнинг ўнг қўли унинг чап қўли нима билан бандлигидан бехабар.
694-сонли қарорга кўра, меъёрий ҳужжат ёки унинг лойиҳаси маҳсулот ишлаб чиқарувчи ёки хизматлар кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектлар доираси ва сонини чеклаш (товар ёки молия бозорининг алоҳида иштирокчиларига рақобатга салбий таъсир кўрсатувчи давлат ёрдамини берса ёки муддатини узайтирса), етказиб берувчиларнинг бир-бири билан рақобатлашиш имкониятини чеклаш (етказиб берувчиларнинг товарларга ва хизматларга нарх белгилаш имкониятини чегараласа), етказиб берувчиларнинг бозор муносабатларида бир-бири билан рақобатлашиш истагини камайтирса (рақобатга салбий таъсир кўрсатувчи ўзини ўзи бошқарадиган ёки биргаликда бошқариладиган тартиб яратса), рақобат учун салбий деб топилиши керак.
Бу дегани агар ҳукумат ҳеч қурса ўзи ўзи учун белгилаган (қонунларни айтмай қўя қолайлик) қоидаларга амал қилса, Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев 25.12.2023 йилда имзолаган 118-баённома ҳукумат қарорига зид деб топилиши, ҳеч қурса бу бўйича тақдимнома киритиши керак эди.