Minerva City хатоси энди хитойлик билан такрорланадими?
Газета Янгиҳаёт тумани ҳокимига таяниб, Minerva city мажмуасини қураётган ҳиндистонлик тадбиркор устидан судда ютиб чиқилгани ва 100 гектар майдон давлатга қайтарилганини маълум қилмоқда.
Бу жуда қувончли хабар. Охирги йилларда дордан қочган нопок инвесторлардан, масъулиятсиз девелопер-у, худобехабар қурувчилардан пойтахтликлар, пойтахт маъмурияти имиджи кўп зиён кўрди ва кўрмоқда. Қачонлардир ер тақсимлашдаги бу ёқимсиз, саволли ва иқтисодий самарасиз жараёнга чек қўйиш кераклиги ҳақида жуда кўп гапирилмоқда.
Афсуски, хабарнинг иккинчи қисми бу умидларни чиппакка чиқаради. Чунки ҳокимнинг сўзларига кўра, давлатга қайтарилган 100 гектар ер майдони Хитойлик инвесторга берилиши мумкин.
"Жойнинг ўрнида нима бўлади деган саволга келсак, Хитойга борганда буни инвесторларга кўрсатдик. Унга пул тикаман деган инвестор бор. Тахминан 96−100 гектар жойда уй-жой бўлади", демоқда туман ҳокими.
Яъни, ҳоким айтгандек иш тутилса, бу Minerva City каби хатонинг иккинчи фасли бўлади холос. Гап амалдаги талабларни истисно қилиб, аукционсиз, Бош плансиз, битта инвесторга 100 гектар ерни топширишдагина эмас, битта инвесторга боғлиқ бўлиб қолишда. Диверсификация йўқлигида, хатарлар тўғри баҳоланмаётганида. Айтайлик, ўша инвестор билан Хитой ҳукумати ўртасида муаммо юз берса нима бўлади, Хитой банклари кредит бермай қўйса-чи? Уй-жой бозорида совуш давом этаётган Хитойда рецессия бошланса-чи? Назаримда, бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрилмаган.
Шунинг учун давлатга қайтарилган 100 гектар ер борасида ер қонунчилигига тўлиқ амал қилган холда, айтайлик, уни 50та лотга бўлиб, аукционга чиқариш энг тўғри қадам бўлади. Майли 40 та лот уй жой учун, 2та лот мактаб учун, 2та лот боғча учун, 2та лот университет, 2 та лот поликлиника, 2 та лот клиника учун бўлсин. Керак бўлса, яна бир лотда хусусий футбол клубига эгалик қилмоқчи бўлганлар томонидан стадион қурилсин. Ҳаммаси, бозор қоидаларида амалга оширилсин. Кимгаки имтиез берилса, бу фақат социал объектларга оид бўлсин.
Наҳотки, шундай қилиш қийин? Имконсизми ё бунга хоҳиш йўқми? Ёки Хитойлик инвестор билан келишволиш осонроқми?