9 ойдан кейин 80 шиптир 92 бензин деб сотиладими?
Агар эълон қилинган режалар ўзгариб қолмаса, Ўзбекистонда яна 9 ой ва яна 2 ҳафтадан сўнг Аи-80 маркали бензиндан воз кечилиши керак.
2023 йилда ишлаб чиқарилган жами бензиннинг 85 фоиздан зиёди 80 бензинга тўғри келган. 2024 йилнинг ўтган давридаям бу картина ўзгариб қолгани йўқ. Кризисли қишда 80 бензин ишлаб чиқариш янада кўпайди, айрим кунларда биржада сотилган бензиннинг 90%дан ортиғи 80 бензинга тўғри келди.
Юқори октанли бензин ишлаб чиқаришни кескин кўпайтириш (Евро-5 стандартларидаги бензин ишлаб чиқариш шартларида "хусусийлаштирилган" завод нима қилаяпти?) ва импорт манбаларини диверсификациялаган ҳолда таклифни кўпайтириш йўлида бирон бир қадам қўйилдими? Йўқ.
Эркин рақобатни қўллаб-қувватлаш, нотариф ва бюрократик тўсиқларнинг олиб ташлаш орқали 92 ва ундан юқори октанли бензин нархини туширишга ҳаракатлар қилинмоқдами? Йўқ.
Ўзи умуман энергетикларнинг олтин тухумига айланиб қолган 80 шиптирдан воз кечиш учун бирон бир ҳаракатлар режаси ё йўл ҳаритаси эълон қилиндими? Йўқ.
Охирги вақтда шимолдаги босқинчиларнинг 13та нефтни қайта ишлаш заводларига ишлаб чиқариш вақтинча ёки бутунлай тўхтатиладиган даражада шикаст етказилди (кеча тунда Славянскда 14-завод кунпаякун қилинди). Айрим ҳисобларга кўра, ишлаб чиқариш вақтинча ёки тўлиқ тўхтаган заводлар агрессорнинг жами ишлаб чиқариш қувватларининг 30 фоиздан зиёд бензинини ишлаб чиқарган. Табиийки, бензин нархи Мордорда кескин кўтарилмоқда. Бензин экспортига чекловларга қарамай, Биржадаги нархлар янги рекордларни забт этмоқда. Бу биз учун ҳам ишора. Тушуниш учун картага қарасангиз кифоя, логистика бўйича энг яқин заводлар йўқ қилинмоқда.
Демак, юқори октанли бензин импорти бўйича муқобил ва арзон каналларни ишга тушириш керак. Ҳозирданоқ. Эртага кеч бўлади.
Агар 9 ойдан кейин 80 шиптирни 92, деб сотишни бошлаш кўзланмаётган бўлса.