Яндекс такси тарифларини оширишга чеклов қўйилди, ҳайдовчиларга миллиардлаб қўшимча бонус тўланади
Ўзбекистонда эмас. Қозоғистонда.
Қозоғистон антимонополия органи монополист Яндекс таксига қарши суриштирувни якунлаган.
Суриштирув хулосаларига кўра, Яндекс таксини жазолаш ва тийиб туриш учун қатор комплаенс чоралар қўлланилиши маълум қилинмоқда.
Биринчидан, Яндекс такси ҳайдовчилари даромадларини ошириш учун 2023 йил 14 декабрдан бошлаб буюртма нархи базавий нархдан 2 карра ошса, қўшимча комиссия ундириб олиниши тўхтатилади (бу ҳайдовчиларга 2 млрд.тенгелик қийматга эга самара беради, 57 млрд.сўм).
Иккинчидан, ҳайдовчиларга қўшимча бонуслар берилади (2024 йил 1-чорак учун 6,2 млрд.тенге, қарийб 175 млрд.сўм).
Учинчидан, Яндекс такси энди тарифларни базавий нархдан 3 каррадан ортиқ кўтара олмайди. Ёмғир, қор, тиғиз пайтларда 5,10 карра нарх ошишлар энди бўлмайди.
Қўшимчасига, Яндекс ўз ихтиёри билан 3 млрд.тенге (85 млрд.сўм) маблағни Қозоғистон рақамли эктизимни рағбатлантириш фондига тўлаган.
Қозоқ қардошларнинг монополистнинг жойи ва ваколатини кўрсатиб қўйиш йўлида қилаётган ишлари таҳсинга сазовор.
Ўзбекистонда йиллаб қонун қоидаларсиз ишлаган такси агрегатори Yandex Go монополист деб топилганидан кейин унга қарши тийиб туриш билан боғлиқ бирон бир жиддий ҳаракатлар амалга оширилмаган. Монополист ҳалигача тариф алгоритмларини очмаган, Тарифларнинг энг юқори чегараси ўрнатилмаган, фавқулодда ҳолатлар учун қоидалар белгиланмаган. 5 йил солиқ тўламай ишлагани учун бирон чора кўрилмаган, солиқ тўлашни бошлагач ҳам солиқ юкини ҳайдовчилар ва истеъмолчилар бўйнига сочиб юборган. Йирик солиқ тўловчилар қаторига олинмаган.
Юки ҳайдовчилар ва истеъмолчилар бўйнига тушган қанақадир 9,7 млрд.сўм тўлаганига ўзимизни ўзимиз хурсанд қилмаслигимиз керак.
Ҳа, айтандек, Қозоғистон расмийлари бозорга Didi агрегаторини қайтаришмоқчи. Ўзи очкўз монополистларни тийиб туришнинг энг маъқул йўли рақобатни қўллаб-қуватлаш ҳисобланади.
Сиз нима деб ўйлайсиз, Нега 37 миллионлик Ўзбекистонда Uber, DiDi ва Bolt каби компаниялар йўқ?
- https://www.gov.kz/memleket/entities/zk/press/news/details/671812?lang=kkwww.gov.kz
- https://t.me/the_bakiroo/7465@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/7843@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/6281@the_bakiroo