Триллионларни ўзлаштириш маконига айланган Янги Ангрен ИЭСга пресс-турда рост гаплар ҳам айтилдими?
Энергетика вазирлиги Янги Ангрен иссиқлик электр станциясида ўтказилган пресс-тур ҳақида ёзмоқда. Албатта, тарқатилган релиз бўйича қуруқ пиардан бошқа ҳеч қандай янгилик йўқ.
Лекин пресс-турда қатнашган журналистлар ҳам, ўзбек жамоатчилиги ҳам қуйидаги саволларга рост жавобларни олишга ҳақли эди, назаримда.
4 йил аввал яширин қарор билан олигархияга ишончли бошқарувга топширилган Янги Ангрен ИЭСи давлатга қайтарилдими? (хабар Иссиқлик электр станциялари АЖ сайтига жойлаштирилган ва Янги Ангрен ИЭС кенгашида давлат органлари вакиллари ўтирипти).
Янги Ангрен ИЭС давлатга қайтарилган бўлса, ўтган 4 йилда станцияга етказилган 1 триллиондан ортиқ зарар учун кимдир жавобгарликка тортилдими? Қимматлаштирлган кўмир, мазут ва импорт шартномалар орқали компания ҳисобидан олиб чиқиб кетилган юзмиллиардлаб маблағлар қайтарилдими? Ишончли бошқарувчи Central Asia Energy компанияси ва унинг вакилларига жиноий иш қўзғатилдими? Зарарлар ундирилдими?
Central Asia Energy компанияси Ангрен ИЭСни ҳам 1,5 трлн.сўмдан ортиқ зарарга тиқиб, станцияни 2023 йил январдаги энергетик кризис вақтида давлатга ташлаб кетганди. Бу иш нима бўлди? Ё ўрага сичқон тушди гулдур гупми? Шонли энергетиклар нима дейди? Бу олигархлар энергетикларга шерикмиди ё ҳамкор шотир?
Электр энергияси учун тўловларда белгиланган лимитдан ошган истеъмол учун икки ва уч баробар миқдорда маблағ ундириш ишончли бошқарувга бериб юборилган иссиқлик станциялардан олиб чиқиб кетилган юзлаб миллиард маблағлар ва триллионлаб зарарларни кетини ёпиш учун эмасми? Олигархлар ва уларнинг шотир шериклари ўмариб кетди, қозон ёпилди, товонини бизнес тўлаши керак, шундайми?
Нега Ангрен ва Янги Ангрен станцияларида шунча ўзлаштириш ва ўғирликларга қарамай, Тахиатош, Тошкент ва Навоий иссиқлик станциялари яна чўнтак олигархларга яширин қарор билан ишончли бошқарувга берилди? Мазахўрак бўлиб қолиндими? Жазо бўлмадида, тўғрими? Энди навбатдаги 3та станцияни триллионлаб зарарга ботириб, яна триллионлар четга ташиб кетиладими?
Нима, ўзбекистонликлар лохми, кўрми, карми? Қанақа ва қанча зарар бўлса, индамай, тўқилган ёлғонларга ишониб ё соқов бўлиб тўлайвериши керакми?
- https://t.me/minenergy_uz/12256?single@minenergy_uz
- https://www.yangiangrenies.uz/site/indexyangiangrenies.uz
- https://www.gazeta.uz/uz/2023/01/04/angren-tes/gazeta.uz
- https://t.me/the_bakiroo/8425@the_bakiroo