Омонатлар бўйича ставка янги тарихий максимумга етган
Аҳолининг миллий валютадаги муддатли омонатлари бўйича ўртача тортилган ставка июнь ойи якунларига кўра 22,0%га етган (+0,8%). Бу аввалги ва янги даврда мавжуд бўлган очиқ маълумотларга кўра, мутлақ янги рекорд ҳисобланади.
Ўтган ойда корпоратив депозитлар нархи ҳам кескин кўтарилган ва 17,9%ни ташкил этган (+1,7%). Жами муддатли депозитлар бўйича ўртача тортилган ставка 20,0%гача қимматлаган (+1,4%).
Депозитларнинг сезиларли қимматлашуви кредитлар бўйича ставкаларнинг фақат бироз ошишига олиб келган. Чакана кредитлар ставкаси 24,6% (+0,1%), корпоратив кредитлар ставкаси 22,7%гача (+0,3%) кўтарилган. Жами кредитлар бўйича ўртача ставка 23,6%дан иборат бўлган (+0,1%).
Ставкаларнинг юқорилаб бораётгани корпоратив депозитлар бозори билан боғланмаган чакана депозит бозорида ресурслар учун курашнинг кучайиб бораётгани ва айни пайтда кредитлаш суръати секинлашаётгани фонида юз бермоқда.
Индинга, 25 июль куни Марказий банк бошқаруви асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилишини ўтказади.