Бадал мажбурий эмас, аъзолик ихтиёрий бўлиши керак
Пахта ва ғалла билан шуғулланувчи тадбиркор фермер ва деҳқончилик кенгашига бадал мажбурийлигини бекор қилиш таклифини илгари сурди.
«Чунки уларга мурожаатларимиз сони кам, жойлардаги вакиллар билан умуман ишланилмайди. Шу мажбуриятлар бизни қийнаяпти.
Яна бир илтимосим бор эди. Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосарларига масала қўйиш жуда қийин. 15 кун мурожаат ёзамиз, ходимлари қабул қилмайди. Бу икки йиллик муаммо», — дейди тадбиркор.
Шунингдек, тадбиркорлардан яна бири Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига мурожаати борлигини билдирди.
Лекин ушбу агентлик ҳамда қишлоқ хўжалиги вазирлигининг биринчи раҳбарлари тадбирга келмагани маълум бўлди.
Тадбиркорнинг арзи-доди асосли, фермер ва деҳқон хўжаликларини гўёки ҳимоя қилиши керак бўлган формал ташкилотлар ишламайди. Сиз қачон кўргансиз маҳаллий ҳокимиятлар томонидан таланган, эзилган ё хўрланган фермерларнинг фойдасига Фермерлар уюшмасининг бир сўз ё ҳаракатини? Улар бадал ва бюджет ўзлаштиришдан бошқасига ярамайди. Узоққа бормайлик. Эсингиздами, ўтган йилт пахтанинг нархини фермернинг зарарига қандай ўрнатишгани? Ўшанда уюшма фермерлар фойдасига ғинг дея олдими?
Шунинг учун, масалани бошқачароқ қўйиш керак. Фермерлар уюшмасига аъзолик мутлақо ихтиёрий бўлиши керак. Шунда бадалсиз қолган уюшманинг асл башараси тепадагиларга янада аниқроқ кўринади (пастдагиларга маълум). Ўзи, уюшмаларга аъзолик бўйича қонунлар талаби ва руҳиям шундай!
- https://t.me/the_bakiroo/6978@the_bakiroo