37K225Telegramda ochish
Фермерлар ўзларини ўзлари крепостнойликдан озод қилишлари керак Пахта нархи билан охирги йилларда юз бераётган манипуляциялар кўрсатмоқдаки, фермерларнинг марказлашган ҳимояти ва лоббисти мавжуд эмас, бўлмайди ҳам. Амалиёт кўрсатмоқдаки, Фермерлар кенгашининг ягона функцияси фермерлардан бадал ундириш холос, фермерларнинг ҳақли овозларини тепага етказиш эмас ёки фермерлар манфаатини ҳукумат олдида ёки кластерлар олдида ҳимоя қилиш эмас (буни ҳатто фермерларнинг овози керак бўладиган сайловлар йилида ҳам кўрмоқдамиз). Фермерлар тушиниши керакки, бенефициарлиги асосан собиқ ва амалдаги садоқатли чиновниклар назоратидаги кластерлар ҳукуматга ҳам, ҳокимларнинг танасига яқин бўлиб қолаверади. Муаммоли вазиятларда бюджет тақсимловчиси ҳукумат ва ҳокимиятларнинг посангиси кластерларга қараб оғиб кетаверади. Моҳияти бозордан ташқарида ва пул ўзлаштиришга асосланган кластерларни сунъий равишда қўллаб қувватлаш тўхтамайди. Афсуски, айни шу аянчли вазият кластерларга қўшиб, фермерларни ҳам тубга, молиявий ботқоқликка қараб тортиб кетаверди. Охир оқибатда бу тенденция фермерларнинг энг асосий активи — ерсиз қолиши ёки тортиб олиниши билан якун топади (қўрқаманки, ботқоқдаги кластерларнинг фойдасига қилинади). Шунинг учун ҳам соғломликни ва эркинликни истаган фермерлар кластерлардан ҳар тарафлама узоқлашиш ва ўзаро кооперацияни энг устувор вазифа деб билишлари керак. Фермерларимизга якка ҳолатда ҳуқуқий, молиявий, техник ва технологик муаммоларни еча олишга ресурс етмайди. Фермерларимиз судда ўзи алоҳида бўлиб ҳақиқатга эриша олмайди. Битта фермерни, қанчалик ачинарли бўлмасин, ОАВ ҳам эшитмайди. Фермерларимиз зараркунанда кластерларни "энасиникига" жўнатиб, пахтасини нархлар ошгунча сақлай олмайди ва мустақил қайта ишлай олмайди. Лекин бу мақсадларга агар 10та, 15та фермер кооперацияга бирлашиб, амалга оширилса, жуда осон эришилади. 10та фермер бирлашиб, қўлида кучли юрист, кучли молиячи, кучли технолог ишлата олади. 10та фермер бирлашса, пахтани бемалол нарх қулайлашгунча сақлай олади ёки шунга имконият топади, 10та фермер бирлашса, бемалол келаси мавсумгача пахтани қайта ишлайдиган кичик завод қура олади, 10 та фермер бирлашса, чигитдан ёғ ва ем оладиган цех очса бўлади, боши бир бўлган 10та фермер билан ҳокимдан қўнғироқ кутадиган судлар ҳам ўйлашиб гаплашади, ҳеч ким сайламаган саводсиз ҳокимлар ҳам ўйлашиб муомала қилади кооперацияга бирлашган фермерлар билан. Шундай экан, ўзларингизни ўзларингиз крепостнойликдан озод қилинглар. Кооперацияга уюшинглар, кооперативларга бирлашинглар, ҳурматли фермерлар. Эркинлик осмондан саланглаб тушмайди.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin