Қонунларга қайтиш. Зўравонликни тугатишнинг бошқа йўли йўқ
Афсуски, 2023 йилда пахтачиликда зўравонликка асосланган эски тизимнинг қайтиши бошланди. Ҳозирча асосан молиявий зўравонлик ва пахтага нисбатан товар разверсткаси кўринишида. Агар тўхтаб, ортга қайрилиб, хатолар тан олиниб, бартараф этилмаса, буёғига зўравонлик фақат кучайиб боради.
Келинг, бир ўйлаб кўрайлик, фермерларнинг дод-войига ким ёки нима сабаб бўлмоқда?
2023 йил пахта ҳосили учун шартномалар 2023 йил 1 февралгача тузилиши керакмиди? Тузилмади. 2024 йил ҳосили учун 2023 йил 1 октябргача шартнома қилиниши керак эди. Қилинмади. Келаси йилда ҳам зўравонлик давом этиши учун пойдевор яратилди.
Кластерларнинг носоғлом иш юритишидан, ўғит, техника, ёқилғини қимматлаштириб тиқиштиришидан, пахта пулини йиллаб тўламаслигидан норози фермерлар кооперацияларга бирлашиши ва кластерларсиз мустақил иш юритиши мумкинмиди? Мумкин эди. Лекин амалда йўл қўйилмади. Кооперацияга уюшган мустақил фермерлар ҳокимнинг, кластерларнинг, вазирликнинг душманига айлантирилди.
Фермернинг пахтаси фермернинг мулки экани қонунда ёзиб қўйилган. Лекин фермер пахтасига ҳоким хўжайин, кластер хўжайин, ҳукумат хўжайин, хоҳласа тортиб олади, хоҳласа бошқа вилоятда комбайни бор кластерга бериб юборади. Ваҳоланки, қоидаларда фермерлар пахтасини фақат бир вилоят ҳудудида контрактация қила олиши мумкин холос.
Сталинча кител кийган ўзбек чиновниги ўзига ўзи савол бермайди. Нега фермер иккинчи ва учинчи терим пахтани термаяпти? Нима фермер жинними? Биринчи терим пахтасига белгиланган 6,5 минг сўмлик нархдан зиён кўрган фермер 4 минг сўм нарх белгиланган иккинчи ва учинчи теримдан зиёнини ошириши керакми? Агар кейинги теримларни териб олиш ва сотиш манфаатли бўлганида фермерни даладан чиқариб бўлармиди?
Қонун-қоидаларга тупуриб қўйиш иқтисодий самарадорликка тупуриб қўйиш босқичига ўтди. Жараён бу кетишда тўхтайдиган эмас. Масала 2016 йилга қанча тез етиб боришимизда қолган холос.
P.S. Ёмони кетиб, яхшиси келмайди, деган мақолни халқимиз 3 минг йиллик тажрибасидан келиб чиқиб тўқиган. Янги тайинлов қишлоқ хўжалигида сифатсиз ва сталинча бошқарув давом этишига етарлича ишора беради. Фермерларни талаш сиёсати ўзгармайдиган кўринади, энди ғўзапояниям тортволишади, деб қўрқаман.