Бир неча кундан буён ижтимоий тармоқларда «Термизда минглаб афғонистонликлар» изоҳи остида видеолар тарқаляпти. Улар нега келган?
29 август куни Термиз шаҳрида «Термиз халқаро савдо маркази»нинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтган. Марказ Афғонистон билан савдо ва логистика тартибини соддалаштириш мақсадида очилди. Мазкур марказ минтақада савдо алоқаларини кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишда муҳим платформага айланишига ишонч билдирилган.
Афғонистондаги 40 миллиондан ортиқ аҳоли учун озиқ-овқат етказиб беришда асосий мамлакат Ўзбекистон. Янги савдо марказининг илк кунлариданоқ қўшни мамлакатдан келган харидорлар сонига қараб ҳам буни англаш мумкин.
Афғонлар савдо марказига кириб, зарур маҳсулотларни сотиб олишади ва яна ўз мамлакатларига қайтишади, чунки бу марказ чегара ҳудудида жойлашган. Улар Ўзбекистонда доимий қолмайди.
Маҳаллий тадбиркорларимиз бу имкониятдан унумли фойдаланиб қолиши керак, деб ҳисоблайман. Тайёр харидорлар, маҳсулотларга талаб юқори.
Дарвоқе, Марказга ташриф буюрувчиларга 15 кунлик визасиз режим жорий этилган. Бундан буён мамлакатлар ўртасидаги автомобиллар қатнови туну кун амалга оширилади, бу эса икки давлат тадбиркорлари иш фаолиятида қўшимча имконият яратади.