Иш ҳақидаги фарқликлар ортишда давом этмоқда: ўқитувчилар ва чекка ҳудудлар фойдасига эмас
Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16,4%га ўсиб, 5 151,5 минг сўмга етган (бу ҳисобга кам маош оладиган қишлоқ хўжалиги ва кичик бизнес субъектларидаги иш ҳақи кирмайди). Иш ҳақининг ўсиши секинлашишда давом этмоқда. Сирдарё вилоятидан бошқа барча ҳудудларда иш ҳақининг ўсиши секинлашган.
Яққол кўзга ташланадиган жиҳат иш ҳақининг ҳудудлар ва соҳалар бўйича фарқларнинг кескин ортаётганлигида.
Тошкент шаҳри ва Қашқадарёда ўртача иш ҳақи бўйича фарқ 2,2 баравардан 2,4 бараварга ўсган.
Алоқа ва ахборот соҳасидаги ўртача иш ҳақинининг Таълимдаги ўртача иш ҳақидан фарқи 3,39 баравардан 3,67 бараварга етган.
Таълим соҳасидаги ўртача иш ҳақининг Республика бўйича ўртача иш ҳақидан ортда қолиши давом этмоқда. Бир йил аввал ўқитувчиларнинг ўртача ойлиги Республика бўйича ўртача ойликдан 31% кам бўлган бўлса, энди бу фарқ 32,4%га етган.
Назаримизда, ўқитувчиларга 1000 долларлик маош маррасини унутган ҳолда, реал вазифаларни қўйиш вақти келган. Аввал ўқитувчилар маошини ўртача республикадаги маошидан пасайишига йўл қўймаслик, кейин эса ўқитувчилар маошини ўртача республика маошига етказиш мақсади қўйилиши тўғрироқ бўлади. Шунда қачондир мамлакатда ўртача маош 1000 долларга етса, ўқитувчиларникиям шу кўрсаткичга етиб боради.