Yandex миллий сервис Express24'ни сотиб олишига Антимонополия нима дейди?
Ўзбекистонда етказиб бериш бўйича илк сервислардан бўлган Express24'нинг Yandex томонидан сотиб олиниши ҳақидаги хабар, истеъмолчи сифатида менга ёқимли эмас. Гап фақат Express24 миллий сервис бўлганида, унга нисбатан лояллик мавжудлигида ҳам эмас. Гап ҳозир Yandex сервисларига нисбатан симпатия йўқлиги, унинг узоқ вақт турли рўкачлар билан солиқ тўлашда бўйин товлаб келганида ҳам эмас.
Ҳозир масала ўзи бусиз ҳам агрессив тарзда эгалланаётган бозорнинг бир гигант ва унга ёндош яна бир гигант тарафидан эгалланиб, юқори даражада хавфли концентрациянинг юзага келиши эҳтимолида. Ҳар қандай юқори концентрациядан ёппасига ютқазадиган биринчи навбатда биз, истеъмолчилар бўламиз. Юқори концентрация иштирокчилари осонгина тил бириктира оладилар, осонгина келишиб олиш орқали улар энди рақобатчилар эмас, истеъмолчиларни биргаликда таловчи ҳамкорларга айланишади.
Шунинг учун бугунги кун саволи Yandex Uzbekistan Express24'ни ютиб юбормоқчи экан, Антимонополия нима дейди, тарзида бўлиши керак. Yandex бу битим бўйича Рақобат қўмитасига мурожаат этганми?
Дарвоқе, нега Рақобат қўмитаси Yandex'ни етказиб бериш хизматлари бўйича устувор мавқега эга компаниялар рўйхатига киритмаган?
P.S. шахсий фикрим шунақа, бозорда учинчи йирик ўйинчи пайдо бўлмагунча, бу битимга рухсат берилмаслиги керак.