Эслатамиз: “80 бензин юқори нархи 8 минг сўмдан ошмайди; 92 бензин нархи эса 9,5 минг сўмга туширилади”
Роппа-роса бир йил аввал, Энергетика вазирлиги Ўзбекистондаги барча «заправка»ларда Аи-80 бензинига 8 минг сўмлик юқори нарх чегарасини белгилаш режаси билан бўлишганди.
Шунингдек, 92 маркали бензин ишлаб чиқариш ва импортини кўпайтириш орқали нархини 9 500 сўмгача пасайтириш ва уни истеъмолчилар учун имконли қилиш кўзда тутилганди.
Амалда нима бўлди? Албатта, ғирт тескариси рўй берди. Ўтган 8 йилда энергетикларнинг қайси бир сўзи амалда бажарилгандики, бензин нархлари арзонлашса?
Демак, бир йил ўтиб Ўзбекистонда кўзни алдаш ва пропоганда учун бўлса ҳам 8 минг сўмдан арзон бензин қолгани йўқ. Энг арзон 80 бензин 8 150 сўм. Ҳудудларда имконли 80 бензин нархи 9000 сўмга етган.
92 бензин энг арзони 10 500 сўм. Лекин 10 500 сўмлик 92 бензин, катта эҳтимол билан тушгача 80 деб сотилган бензиннинг айнан ўзгинаси. Моторни эритиб юбормайдиган нормал 92 бензин аллақачон 1 доллардан қиммат.
Албатта, аввалбошданоқ рақобатни кучайтириш орқали бензинни арзонлатиш ва имконли қилиш нияти бўлмаган. Асл мақсад вақти-вақти билан сунъий дефицитлар уюштириш, чекловлар баҳонасида нархларни тўхтовсиз оширишда давом этиш, бензин бозорини илдизи бир ва ўзаро аффилланган ўлпончи шимол компаниялари назоратига ўтказиш бўлган [Йирик компанияларнинг пайдо бўлиши …ва бозордан …ёнилғи қуйиш шохобчаларини сиқиб чиқариши].
Орадан бир йил ўтиб, билингки, энди шўрпешона ўзбек истеъмолчилари ўзимизнинг очофат монополистларимизга қўшиб, шимол олигархлариниям боқишга мажбур бўлмоқда.