Яна бир манипуляция: 1 литр 92 бензин 9 400 сўм эмас
Монополист гўёки 92 бензин нархни туширган, аслида эса навбатдаги марта ошириб олгани бўйича расмий релизида "1 литр Аи-92 русумидаги автобензиннинг биржадаги бошланғич нархи 9 400 сўм" қабилидаги манипуляция бор (тармоқларда бу "1 литр учун 9 400 сўм дегани" қабилида чалғитувчи, аслида ёлғон маълумотлар айлантирилмоқда). Бошқа соҳада истеъмолчига қарши шунақа ярамас усул ишлатилса, Антимонополия жим турмасди.
Ҳа, 1 тонна 92 бензинни литрга ўтказиш учун 0,730-0,750 коэффициент қўлланилади (монополист 0,744 қўллаган)
Лекин бензин биржада литрлаб эмас, тонналаб сотилади (Ўзбекнефтегаз биржага литрлаб бензин сотган пайтдан бошлаб прейскурантниям литрда кўрсатса бўлади).
Иккинчидан, биржада қўйилган ҳажмнинг эгаллаш учун талабгорлар курашади ва нарх ошади. Спред пайдо бўлади. Энг яхши ҳолатда 5%гача (бу ҳисобга дефицит пайтида юзага келадиган коррупцион харажатлар кирмайди). Бу спред ҳам монополист Ўзбекнефтегаз чўнтагига тушади (ўнг чўнтагидан чап чўнтагига).
Учинчидан, ютиб олинган бензинни базадан заправка ёки омборгача ташиб келтириш керак. Транспорт харажатлари қўшилади.
Тўртинчидан, ҳар бир литр бензин учун истеъмол солиғи 471 сўм (ёки тоннасига 621 минг сўм) якуний истеъмолчи солиғи ўтиради.
Бешинчидан, заправка ҳам ҳайрия ташкилоти эмас, амортизацияси, ишчиси, кредити ва албатта фойдаси бор, устига маржасини қўяди. Энг яхши ҳолатда 5% миндиргандаям, 92 бензинни 10 600 сўмдан сотиши керак бўлади (масалан, яширинча хусусийлаштирилган собиқ UNG Petro шохобчаларида 92 бензин 10 700 сўм).
Шундай экан, тўғрисини, борини ва тўлиқ гапириш керак. Ўзбекистонликларни “алдагани ёш бола яхши” қабилида лақиллатишга ҳеч бўлмаганда уялиш керак.
- https://t.me/the_bakiroo/10666@the_bakiroo
- https://t.me/r_kusherbayev/10969@r_kusherbayev
- https://lex.uz/docs/4674902#4683600lex.uz