Камбағаллик мезони — Минимал истеъмол харажатлари миқдори қачон оширилади?
Ҳукумат ўзи белгилаган қоида бўйича минимал истеъмол харажатлари миқдори инфляция даражасидан келиб чиқиб, 20 январга қадар эълон қилиниши керак эди. Бугун 3 февраль. Камбағаллик даражаси пасайтирилгани ҳақидаги чиройли маълумотлар эълон қилинди. Лекин минимал истеъмол харажатлари миқдори яна ўз вақтида оширилмай қолди (камбағаллик даражаси ва камбағаллар сонини аллақачон қадрсизланиб бўлган эски кўрсаткич бўйича ҳисоблашлар ҳам сўроқ остига олиниши керак).
Худди шундай ҳолат 2023 йилда ҳам юз берган ва минимал истеъмол харажатлари камида 6 ой кечикиб эълон қилинганди. Оғир ўтган 2023 йилда бюджет дефицити билан боғлиқ муаммолар бўлган бўлса, ҳозирда муаммо нимада эканлиги қизиқ?
2024 йил 1 майдан минимал истеъмол харажатлари миқдори 648 минг сўм миқдорида белгиланган. (2024 йил бошида эса 621 минг сўмни ташкил этган). Агар 2024 йилдаги расмий инфляция кўрсаткичини ҳисобга олган тақдирда ҳам, минимал истеъмол харажатлари миқдори камида 682 минг сўмгача кўтарилиши, минимал истеъмол харажатларига боғланган нафақа ва ижтимоий тўловлар ҳам шунга мутаносиб оширилиши керак эди.
Аввалроқ, 2025 йилда кўп ўлчовли камбағалликни аниқлаш мезонининг янги тизими жорий этилиши айтилганди.