Фуқаро асосий функцияси уни ҳимоя қилиши лозим бўлган полиция қўлидан ўлим топмаслиги керак.
Лекин полициянинг фуқароларга нисбатан зўравонлиги, афсуски, хоҳ демократик, хоҳ тоталитар бўлсин - исталган мамлакатда рўй бериши мумкин бўлган ёвуз ҳодисадир. Фарқи унга муносабатда - демократик мамлакатда бунинг учун жавобгарликдан қочилмайди, масъулият зиммадан соқит қилинмайди, нафақат айбдорлар учун жиноий жавобгарлик муқаррар бўлади, балки жамиятда тектоник оқибатлар ҳам юз беради. Тоталитар давлатларда эса бундай жиноятлар одатда хаспўшланади ва босди-босди қилиб юборилади, натижада зўравонликлар такрорланаверади.
Масалан, 2012 йилда полициянинг бир неча йиллик муваффақиятли ислоҳотларидан кейин ҳам Грузия изоляторларида полициянинг маҳбусларни супурги билан зўрлаши ва қийноққа солиш ҳолатлари юз берган. Бутун Грузия даҳшатдан оёққа туради, тегишли вазирлик раҳбарияти истеъфо беради. Саакашвили ва унинг партиясининг кейинги сайловлардаги мағлубияти қисман шу зўравонликларга бориб тақалади. Шундан буён полиция зўравонлиги Грузияда такрорлангани йўқ.
Худди шу йили рус полициячилари томонидан Қозонда гумондаги фуқаро айбини тан олдириб, бўйнига қўйиш учун бутилка билан зўрланади. Гумондор вафот этади. Полициячилар жуда осон жазо билан қутулиб қолишади. Ҳеч қандай истеъфо ва масъулиятни тан олиш юз бермайди. Натижада бу каби жиноятлар Россияда оддий, такрорланадиган ҳолатга айланган.
Андижонда, ИИБ маъмурий биносига олиб келиб, ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатилиши ортидан фуқаро Абдукаримов вафот этган. Бу фожеа бўйича айбдорлар жазоланиши керак, умид қиламанки, жазоланади ҳам. Лекин бу кифоя қилмайди. Ички ишлар органлари росмана ислоҳ қилиниши лозим. Билмайман, янги тарихимизда бу нечанчи марта такрорланаётган жиноят, лекин вазифаси хавф солиш эмас, ҳимоя қилиш бўлган ўзбек полицияси қайта ташкил этилмаса, охиргиси бўлмайди.
Марҳумнинг яқинларига сабр.