Қарзга келганида давлатникимас, рейтингга келганида давлат ёрдамга келади
Халқаро рейтинг компаниялари Ўзбекистоннинг самарасиз давлат компанияларига юқорироқ рейтинг баҳолари бериб келади, уларнинг важига кўра, гўёки зарурат туғилганида, Давлат давлат компаниялари учун ёрдамга келади.
Инобатга олинмайдики, Давлатнинг ёрдамга келиши имкониятлари чекланган ва тобора қисқариб бормоқда. Мабодо икки ёки ундан ортиқ давлат компанияси ва давлат банклари ёрдамга муҳтож бўлиб қолса, турли сценарийларда Давлат ўзини қандай тутади, ҳеч қандай баҳолашлар мавжуд эмас.
Айни пайтда самарасиз давлат компанияларининг олаётган қарзи давлат қарзи эмас, корпоратив қарз гўёки. Лекин ёрдам керак бўлганида, бу зараркунандаларга Давлат ёрдамга келармуш. Мана шунақа икки хил стандартларга асосланиб, S&P Ўзбекнефтегазнинг рейтинг прогнозини барқарордан ижобийга ўзгартирган (шарҳнинг инглизчаси 404 бўлиб қолган).
Агентликнинг ўзи ёзиб турипти: "Аммо компаниянинг сўнгги пайтларда шартнома мажбуриятларини бузиш ёки ликвидлик эҳтиёжи каби муаммоларни тан олмай қўйиши бизни "Ўзбекнефтгаз"нинг ҳукумат билан алоқаларини баҳолашни "жуда кучли"дан "кучли"га қайта кўриб чиқишга ундади. Энди биз "Ўзбекнефтгаз" устидан давлат назорати илгари ўйлаганимиздек синчков эмас деб ҳисоблаймиз". Аслида бу алоқалар жуда кучли ҳам, кучли ҳам эмас. Ғалати ва ўзгача.
Амалда Ўзбекнефтегазга охирги 8 йилдаги ягона мавжуд муносабат лояль менежмент воситасида унинг газ ва нефть конларини, ҳуқуқлари, улушлари, ёғли активларини текинга ёки сопини ўзидан чиқариб, бегоналаштириб, чўнтакларга ўтказиб бериш, қимматлаштирилган пудратлар орқали ресурсларни суғуриб ўзлаштиришдан иборат бўлиб қолган холос. Ўзбекнефтегаздан бегоналаштирилган конлар, активлар, улуш ва ҳуқуқлар ҳозир кимда эканини рўйхат қилсангиз, ҳаммаси тушунарли бўлади сизларда, жаноб S&P таҳлилчилари.
Ўтмишга кўз юмсак ҳам (ҳеч ким ва ҳеч нима унутилмайди) Ўзбекнефтегаз кенгашида истиқболдаги бундай деструктив ҳаракатларга вето қўядиган кимдир борми?