Сенат чиқинди тўловини электрга боғлаш тизимига савол қўймоқда
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари соҳасида тўлов интизомини, қонун ижросини таъминлаш механизмлари ҳамда амалиётда юзага келаётган муаммолар юзасидан мутасадди вазирлик ва идораларга аниқ манзилли саволлар йўлламоқда.
Хусусан, "Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг “HET” иловасида аҳоли томонидан маиший чиқинди хизмати бўйича қарздорлик ҳақидаги маълумотлар акс этмаётгани, “Тоза макон” электрон биллинг тизими билан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг биллинг тизими ўртасида тўлиқ интеграция таъминланмагани, шунингдек, айрим истеъмолчиларда чиқинди хизмати бўйича шартнома мавжуд эмаслиги ҳамда абонент ҳисоб рақамларида ноаниқликлар жамоатчиликда ташвиш туғдираётгани айтилган.
Сенат қўмитаси томонидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига ҳамда Энергетика вазирлигига маълумотлар алмашинуви жараёнида юзага келаётган муаммолар юзасидан аниқ маълумот ва уларни бартараф этиш бўйича амалий таклифлар тақдим этиш сўралмоқда.