Қиш-қировли кунларда ношаффоф чиқинди қарзи учун электр энергияси ўчирилиши ижтимоий хато бўлади
Пойтахт Тошкентда 20 мингга яқин чиқиндидан қарздорга SMS огоҳлантиришлар юборилган. 5 кун ичида қарздорлик бартараф этилмаса, «свет»га тўлов қилиш чекланади (ва табиийки, электр энергияси ўчади). Декабрдан бошқа ҳудудларда ҳам шу амалиёт бошланиши айтилмоқда.
Шартномавий муносабатларни тўлиқ инвентаризация қилмай туриб, шаффофлик ва хизмат кўрсатиш сифатини таъминламасдан туриб, истеъмолчини жазолашга ўтиш, яна қиш-қировли кунларда бундай тажрибага қўл уриш кутилмаган ижтимоий чақириқларни яратади. Содда қилиб айтганда, бу ижтимоий хато иш.
Бу борада гапирилмаган гап қолмади (1, 2, 3). Майли, биз истеъмолчиларнинг хавотирларига, оҳ-воҳи ва дод-войига кўз юмилган, қўл силталган ҳам дейлик.
Давлат раҳбари чиқиндини ташиб кетиш хизматлари аҳолини рози қиладиган даражада бўлиши кераклигини айтганди. Мутасаддиларга маҳаллага чиқинди техникасининг келиш вақти ва ҳаракатини онлайн кўриш имкониятини яратиш вазифаси қўйилганди. Бажарилдими? Йўқ.
Сенат "Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг “HET” иловасида аҳоли томонидан маиший чиқинди хизмати бўйича қарздорлик ҳақидаги маълумотлар акс этмаётгани, “Тоза макон” электрон биллинг тизими билан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг биллинг тизими ўртасида тўлиқ интеграция таъминланмагани, шунингдек, айрим истеъмолчиларда чиқинди хизмати бўйича шартнома мавжуд эмаслиги ҳамда абонент ҳисоб рақамларида ноаниқликлар ҳақида бонг урганди. Биронта эътироз бартараф этилдими? Йўқ.
Рақобат қўмитаси чиқинди ташишда кўрсатилмаган хизматлар ва сифатсиз хизматлар, аҳоли бўйнига илиб юборилган қарзлар бўйича ўнлаб, юзлаб кейсларни очиб кўрсатмоқда. Нимадир ўзгардими? Йўқ.
Лекин балога қолган истеъмолчи. Чунки истеъмолчининг ҳимояти йўқ. Мен билмайман, нега ижтимоий давлат бўлсакда, қонунларимизда қиш пайтида инсоннинг энг базавий эҳтиёжини амалга ошириш билан боғлиқ кафолатлар нега йўқ?
P.S. Ҳа, айтгандек, нега Энергетика вазирлиги чиқинди қарзи учун оқлов-кўклов қилиб бунчалар жонбозлик кўрсатмоқда? Маълумот учун, Энергетика вазирлиги тўлов суммасининг 5 фоизини олади.
- https://www.gazeta.uz/uz/2025/11/06/sms/gazeta.uz
- https://t.me/the_bakiroo/9595@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/10469@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/10694@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/10534@the_bakiroo
- https://t.me/RaqobatGovUz/11257@RaqobatGovUz
- https://t.me/minenergy_uz/18121@minenergy_uz
- https://www.gazeta.uz/uz/2024/12/25/solid-waste/gazeta.uz