Кўргулик: Зараркунанда энергетикани субсидиялаш 2028 йилда ҳам давом этади ва “ижтимоий” дея ниқобланади
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2026-2028 йиллар учун Фискал стратегияни эълон қилган. Стратегия мақсад ва вазифалари кейинги 3 йилдаги бюджет мундарижасини белгилаб беради, яъни ўзбекистонликларнинг молиявий ҳолати, барқарорлиги ва эртанги кунга ишончига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади. Аввал ёмон, энг ёмон прогнозлардан бошлаймиз.
Энг ёмон хабар шундаки, энергетикани субсидиялаш 2026 йилда ҳам, 2027 йилда ҳам ва ҳатто 2028 йилда ҳам давом этади. Ўзи 2023 йилда бошланган энергоислоҳотларнинг бош ғояси паразитлашган энерготизимни субсидиялашдан узиш эди, афсуски, бу ғоя тарифларнинг биринчи ошишидан кейиноқ эсдан чиқиб қолди ва жараён антиреформага айланиб кетди. Кейин, қайта-қайта сўров ва эслатишлардан кейин энергетикани субсидиялаш 2028 йилдан тўхтатилиши эълон қилинганди. Кўраяпмизки, ўзбекистонликларни икки карра талаш каналига (чўнтакдан ва бюджетдан) айланиб қолган энергосубсидиялашдан 2028 йилда ҳам воз кечишмоқчи эмас. Бу худди тарифларни оширишни 3 йилга тўхтатиш қоидасини унутиб, оширишда давом этишни эълон қилиш сингари. Айтилаверади, қайтилаверди. Биринчи марта эмас-ку.
Буям майли. Энди энергосубсидияларни ижтимоий соҳа таркибига қўшиб юборишга қарор қилинган. Бу қип-қизил иккиюзламачилик. Энергосубсидиялар мазасини ёпиқ бассейн UzGasTrade орқали кипрликми, гонконглик ўртамчи олигархлар тотсин-да, ижтимоий соҳа харажати, халққа бераяпмиз, деб кўрсатишга уялишмаган. Ўзбекистонликлар фақат ёмонлашиб бораётган энергетика учун аллақачон энг қиммат тарифлар билан чўнтагидан тўлаяпти. Субсидиялар қайси импорт газни қоплаётган бўлса, бу импорт газ қаерга гумдон бўлаётган бўлса ё экспортга кетаётган бўлса, ўша чўнтаклар номи билан аталиши зарур.
Майли, субсидиялашни тўхтата олмас экансиз, бунга маъмурий имкониятингиз етмас экан, ҳеч бўлмаса, бир марта мард бўлиб, “тўймас олигархларни халқ ҳисобидан боқиш” деган тасниф очинглар ва энергосубсидияларни ўша моддада акс эттиринглар. Кўргулик бўлса, кўргуликда. Ҳеч бўлмаса, "олигархлар еганини
халқ еди" деманглар.