22K59Telegramda ochish
Протекционизм натижаси: Шоппинг учун қирғиз ва қозоққа сафарлар кескин ортмоқда Ўзбекистонликлар туристик мақсадларда энг кўп сафар қилаётган икки мамлакат бу Қирғизистон ва Қозоғистон бўлиб қолмоқда. 2025 йилнинг 8 ойида қўшни Қирғизистон ва Қозоғистонга жами 3,3 млн. ўзбекистонлик борган. Бу ватандошларимиз жами туристик сафарларининг 63,5%и. Солиштириш учун, 2023 йилнинг 9 ойида (2024 йил маълумотлари очиқ эмас) Қирғизистон ва Қозоғистонга туристик сафарлар қарийб 2,0 млнни ёки жами туристик сафарларнинг 58,8%ини ташкил этган. Тўлиқ бўлмаган 2 йилда туристик мақсадларда Қирғизистонга сафар қилувчилар 1,64 марта, Қозоғистонга сафар қилувчилар 1,69 марта ошган (2025 йил 9 ойи билан натижа янада катталашади). Кўпчилик биладики, ўзбекистонликларнинг туристик мақсадларда қўшни давлатларга ташрифидан асосий мақсади шоппинг — кийим-кечак, маиший-техника, озиқ-овқат сотиб олиш. Чунки Ўзбекистонда бу маҳсулотларга бир тўп паразитлашган маҳаллийлаштирувчилар фойдасига аждарҳо божлар ўрнатилган ва охирги йилларда божларга яна қўшимча нотариф чекловлар ва бюрократик тўсиқлар ҳам кучайиб бормоқда. Тор доираларнинг манфаатлари учун ўрнатилган божлар, чекловлар ва тақиқлар туфайли ўзбекистонликлар худди Каримов давридагидек қўшни давлатларга ўтиб миллиардлаб маблағларини ташлаб келмоқда. Булар Дубай ё Истанбулга қатнаётган қанақадир тижорийлашган моккилар эмас, оддий ўзбекистонликлар. Қарор қабул қилувчилар самарасиз протекционистик сиёсат келтираётган кулфат ва иқтисодий зарарлар кўлами ва ҳисобини билмайдилар, деб ўйламайман. Қўрққуликки, хатоларни тузатиш ўрнига ўзбекистонликлар қирғиз ва қозоққа янада кўпроқ боришаётгани ортидан навбатдаги тескари қарорлар қабул қилинмасин.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin