Дорихоналар учун ўлпон бекор бўладими?
Кейинги вақтда товони бизнес бўйнига илиниб, пировардида истеъмолчилар чўнтагидан олинадиган ўлпонлар роса урчимоқда, бу кетишда, тўхтатилмаса, яна авж олади. Йўқ жойдан оқиб турадиган охур яратиб олиш амали бизнеси билан чатишиб кетган корчалонларнинг севимли усулига айланиб бормоқда.
Ўтган ҳафта Фармацевтика агентлиги Ўзбекистонда дорихоналар учун жорий этилган мажбурий GPP сертификати учун тўловларни кўзда тутувчи ҳужжатни ички қарор билан тасдиқлаб олиб, тўловлар ундирилаётгани ҳақида Кунўз суриштируви эълон қилинганди.
Орадан бир ҳафта ўтиб, Адлия вазирлиги GPP сертификати учун мажбурий тўлов белгилаш ҳақидаги идоравий ҳужжатни ноқонуний деб топиб, уни бекор қилиш ва ижродан чақириб олиш юзасидан Фармацевтика агентлигига тақдимнома киритгани маълум бўлмоқда. Албатта, йўқдан кўра юпанчиқ. Адлия вазирлигига раҳмат.
Лекин бу ўлпон ҳужжати бекор бўлди дегани эмас. Бу ҳали дорихоналардан ноқонуний ундирилган миллионлар тадбиркорларга қайтарилди, дегани эмас. Эртага шу каби қийшиқ регуляция яна қайтмади, дегани эмас.
Агар давлатчиликни ичдан емирадиган олигархия, клептократия ва непотизм каби иллатлар Ўзбекистон устидан ғалаба қозонишини истамасак, бу каби кўринишларга, хусусан хусусий чўнтакларга тушадиган мажбурий кўринишдаги тўловларнинг барчасини қатъий ва қонун йўли билан тақиқлаш керак бўлади.
- http://telegraph.controller.bot/files/974432359/AgACAgIAAxkBAAJr8Gjw4hRGYjj8et_0EpZx9rPRAqeBAAKGBTIbVMSJSxA95KQK50zrAQADAgADeAADNgQcontroller.bot
- https://kun.uz/kr/news/2025/10/15/adliya-vazirligi-dorixonalarga-majburiy-tolov-haqidagi-hujjatni-bekor-qilishni-talab-qildikun.uz
- https://kun.uz/kr/93909653kun.uz