Статистикага кўра томорқаларда ғалла зўр бўлган
Статқўмга кўра, 2025 йил январь-сентябрь ойларида донли экинлардан 8,4 миллион тоннадан кўпроқ ҳосил олинган. Бу ўтган 2024 йилдагидан роппа-роса 900 минг тонна кўп дегани.
Жуда оғир келган йилда ғалла ҳосилини бунчалар аномал мўл ясаш, деҳқон ва томорқа хўжаликларида дон етиштиришни оз эмас, кўп эмас, нақ 78,4%га ёки 520 минг тоннага ошириш ва 1 148,7 минг тоннага етказиш қандай имконли бўлган? Статқўм аномал рекорд ўсиш сабабларига ойдинлик киритмаган. Нима учун Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Фермерлар кенгаши бу рекорд ҳақида жар солмай, жим юришипти, ҳайронман, балки камтарлик қилиб уялишгандир (бу йил тарихда биринчи марта етиштирилган ғалла ҳосили ҳақида на вазирлик, на кенгаш лом-лим дегани йўқ).
Каримов замонида ўзи йўқ ғаллани томорқа ва деҳқон хўжаликларида етиштирилди ва аҳоли ихтиёрида қолдирилди, дея статистикага миллионлаб тонна ғалла қўшиб ёзиш усули роса кўп қўлланиларди.
Қишлоқ хўжалиги статистикасини юритиш янги замонда ҳам катта ўзгаришларга учрагани йўқ. Ислоҳотлардан иҳолатанган қишлоқ хўжалигига охирги тўққиз йилда на бозор, на шаффофлик, на замонавий бошқарув қоидалари кириб борди.