Яхши қарор: Йирик қарз олувчилар назорати кучайтирилади
Ҳукумат "Ўзбекистон иқтисодиёти учун тизимли аҳамиятга эга йирик корхоналар томонидан банк кредити ва ташқи қарзларни жалб қилиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорни қабул қилган.
Аввалги талаблар 28та давлат корхонаси бўйича, ундаям фақат ташқи қарз жалб қилишни умумий тартибга солар эди. Янги талабларнинг фокуси барча йирик қарздорларга, мулкчилик шаклидан қатъий назар, қаратилади (Ўзбекнефтегаздан Узумгача, Темир йўлларидан Санеггача)
Қарор билан қолдиғи 50 миллион доллардан ортиқ қарз қолдиғига эга субъектлар йирик қарздорлар (қарздорлар гуруҳи) деб топилади. Йирик қарздорларнинг тоифасига қараб янги қарзлар ва қарз ҳисобига молиялаштириладиган лойиҳалар Мувофиқлаштирувчи комиссия рухсати билан ёки хабардорлигида амалга оширилади.
Йирик қарздорлар рўйхатига киритилган масъулияти чекланган жамиятлар акциядорлик жамиятларига айланишлари керак бўлади. Йирик қарздорлар шунингдек, чораклик молиявий ҳисоботларни тақдим этишга мажбур (ҳозир халқаро стандартлар бўйича ҳисобот тузаётганлар учун миллий стандартлар асосида чораклик ҳисоботлар бермаслик баҳона бор).
Мазкур қарор йирик корпорацияларнинг ички ва ташқи қарз юки юқори суръатда ошиб бораётган шароитда юзага келадиган тизимли хатарларни бошқаришда муҳим аҳамиятга эга. Янги даврда роса авж олган, аввалбошдан самарасиз ва зараркунанда бўлган лойиҳаларни қарз ҳисобига молиялаштириш, асл мақсади пудрат ва чўнтак буюртмачилар томонидан маблағ ўзлаштиришга қаратилган, якунда юкламаси тарифлар, солиқлар ёки қимматлаштирилган нархлар орқали истеъмолчиларга юкланадиган схемаларни тийиб турувчи аниқ механизмлар йўқ эди. Қарор қабул қилувчилар бўғзигача қарзга ботган давлат компанияларининг асл ҳолати ҳақида умумий ёки тўлиқ бўлмаган, баъзида ёлғон тўла ахборотлар билан хатарли лойиҳаларни маъқуллашларига тўғри келарди. Якунда хатолар учун ким жавобгар эканлиги билинмай, ювилиб ҳам кетарди.
Балки энди нимадир ўзгарар.