Энергориторика: Ҳали йўқ нефтга завод қуриладими?
Вазир Мирзамаҳмудов озар ОАВига интервьюсида Устюртдаги захиралар тасдиқланса, Ўзбекистонда нефтни қайта ишлаш заводи қурилиши мумкинлиги ҳақида сўз очган. "Агар бу прогнозлар тасдиқланса, биз бир вақтнинг ўзида нефтни қайта ишлаш заводини қуриш ишларини бошлаймиз", — деб айтган вазир.
Албатта қардош озар журналисти вазирни аниқлаштирувчи ёки ёндош саволлар билан кўп қийнамаган (балки ахбори етарли бўлмаганидан). Айтайлик, ҳали кафолатли газ олинмай туриб қурилган 5,8 миллиард долларлик “Мустақилликнинг 25 йиллиги” газ-кимё мажмуаси тақдири қандай бўлади, деган савол суҳбатда кўтарилмаган.
Ёки Ўзбекнефтегазнинг Бухородаги ва Санегга "совға" қилиб юборилган Фарғонадаги нефтни қайта ишлаш заводлари хом-ашё йўқлиги учун 50% қувватда ишламай туриб, бир неча миллиард долларга янги завод қуришга ўзи не ҳожат, деб сўрашни лозим кўрмаган. Балки вазирни ҳижолат қилишни истамаган.
Журналист балки Ўзбекистонда охирги 7-8 йил яшаб кўрганида ва ўзбек халқи бошига келтирилган энергокулфатларни кўзи билан кўрганида, ҳали йўқ нефтга 3 карра қиммат заводни энергетикларнинг севимли пудрат қироли қурадими, деган луқмани ташлаган бўларди. Ёки бўлмасам, 2017 йилда айнан пудрат қироли учун ясалган илк зараркунанда лойиҳа 2,2 млрд.долларлик Жиззахдаги нефтни қайта ишлаш заводини эслатган бўлади (яхшиям йўқ нефтга шишириб ясалган лойиҳа инсофийлар туфайли вақтида тўхтатилган).
Албатта , озар қардош ҳеч қурса пудрат қироли тарафидан 4 млрд.долларгача шиширилган ва газ йўқлиги учун декабрдан апрелгача ўчириладиган GTL заводи ёки қиймати 5 млрд.долларга етаётган, 2 йил аввал топширилиши керак бўлган ва қайси газга ишлаши номаълум МТО заводи ҳақида нимадир билганида, юқоридаги саволларни берган бўларди.
Лекин охирги 8 йилда ёқилғи энергетикасига оид биронта лойиҳани самарали ташкил эта олмаганларни ўзимизникилар сўроқ-савол қилмаётган экан, ваъдаларини эслатмаётган, тўққиз қайтган режалар ижросини талаб қилмаётган экан, нега озар журналисти қилиши керак?
- https://report.az/ru/energetika/ministr-energetiki-socar-i-uzbekneftegaz-mogut-postroit-npz-v-uzbekistane-intervyureport.az
- https://t.me/the_bakiroo/11038@the_bakiroo
- https://daryo.uz/uz/2017/09/14/jizzax-viloyatida-ota-zamonaviy-neftni-qayta-ishlash-majmuasi-barpo-etiladi/daryo.uz
- https://www.gazeta.uz/uz/2019/03/15/jizzax-nqiz/gazeta.uz
- https://t.me/the_bakiroo/9266@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/8257@the_bakiroo