Ўзбекнефтегаз ва Темир йўллари футбол клубларига ҳомийликни тўхтатадими?
Давлат раҳбари кеча жуда муҳим фармойишни имзолаган. Фармойиш билан давлат корхоналарида таннархни камайтириш ва самарадорликни ошириш чора-тадбирлари белгилаб берилган.
Хусусан, эндиликда давлат корхоналарида бюджетни тўлиқ нолдан кўриб чиқиш (zero-based budgeting) амалиёти йўлга қўйилади, ўхшаш турдаги товар ва хизматларни биргаликда харид қилиш, ёрдамчи функция ва хизматларни аутсорсингга топшириш механизми жорий қилинади. Давлат корхоналари кадрлар сонини мақбуллаштиради, жумладан бошқарув ходимларини 10%га қисқартиради. Шунингдек, молиявий ва маъмурий фаолият очиқлигини таъминлаш, жамоатчиликка етказиш, фуқаролар томонидан назорат ва фикр-мулоҳазалар билдириш учун шароитлар яратилади (бу айниқса, Ўзбекистон темир йўллари, UzGastrade каби ёпиқ корхоналарга тааллуқли).
Фармойишнинг энг муҳим қисми бу давлат корхоналарини ҳомийлик ёрдамларини кўрсатишини тўхтатиш топшириғи билан боғлиқ. Охирги йилларда давлат компанияларини ботқоққа ботираётган, пул оқимлари ва молиявий ҳолатини издан чиқараётган муаммо айнан ҳомийлик билан боғлиқ бўлиб қолганди. Триллионлаб маблағлар самарали мониторинг ўрнатилмай, натижадорлик учун жавобгарлик белгиланмаган ҳолда ҳомийлик баҳонасида ўзлаштирилиши оддий ҳолга айланган. Энг катта ҳомийлик пуллари бу албатта футбол соҳасида ўзлаштириб келинади. Ҳайратланарлиси, ўзи бўғзигача қарз ва зарарга ботган давлат компаниялари юзмиллиардлаб пул сарфлаб футбол клубларини боқувга олишади. Давлат компаниялари тўғридан-тўғри ҳомийлик қилмаса, ҳокимликлар орқали ҳомийлик пуллари ихтиёрий-мажбурий ундириб берилади. Ўзбекистонда футбол чемпионати бу давлат корхоналарининг самарасиз пул совуриш мусобақасига айланиб қолган.
Ҳомийлик билан ҳомийликнинг албатта фарқи бор. Давлат корхоналарида самарали ҳомийлик дейилганда энг аввало тиббиёт (айниқса потираб ўсаётган онкология), ижтимоий қатламлар (ногиронлар, боқувчисини йўқотганлар) ва замонавий таълим йўналишларига (иқтидорли ёшларни хорижда ўқитиш ва қайта ўқитиш) ёрдам маблағларни йўналтириш тушунилиши керак. Ва албатта, ҳомийлик корхонани (фарқи йўқ давлат ё хусусий) ерга ўтқазиб қўймаслиги, узлуксиз фаолиятини издан чиқармаслиги зарур. Бир тарафда корхонанинг минглаб ишчилари ойлаб маош олмаса-ю, иккинчи тарафда юз миллиард совуриб чемпионлик пойгасида иштирок этиш нафақат бизнес принципларига, аҳлоққаям тўғри келмайди.