Темирйўлга ажратилаётган 700 млрд.сўм субсидия бўйича кескин саволлар ўртага ташланди
Парламентда бюджет муҳокамаси қизий бошлади. Лойиҳа биринчи ўқишдан ўтди, лекин афтидан иккинчи ўқишгача яна жиддий саволлар кўтарилса керак. Халқ демократик партияси мухолиф фракция сифатида темир йўл соҳасига ажратилаётган 700 миллиард сўм субсидия масаласини ўртага ташлади. Савол эса оддий: бу пул нима учун керак ва темир йўл қачон аҳолига хизмат кўрсатишда фойдага чиқади?
Муҳокамада масъуллар “вагонлар эски, СССРдан қолган”, “бу вақтинчалик норма”, “кейин хусусийлаштириш бўлади” деганга ўхшаш умумий баёнотлар билан чекланди. Лекин фракцияга кўра, улар аниқ режалар, чора-тадбирлар ва муддатлар ҳақида жавоб кутган. Жавоб етарли даражада аниқ бўлмагани учун савол очиқ қолди. Йўловчилар чипта тополмайдиган, талаб юқори, лекин фойда паст бўлган шароитда умуман қандай ислоҳот амалга оширилаётгани тушунарсиз.
Шу сабабли фракция раҳбари Улуғбек Иноятов темир йўл раҳбариятидан шахсан келиб, батафсил ҳисобот беришни сўради. Бу жуда ўринли талаб. Чунки 700 млрд сўм бюджет маблағи катта сумма, унинг тақдири очиқ ва шаффоф бўлиши шарт. Бюджет муҳокамаларининг шундай принципиал руҳда ўтиши ривоэланишимиз учун жуда муҳим.