31K359Telegramda ochish
Миллиард долларлик савол Индинга, 1 январдан бошлаб, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар Paynet (Xolis) иловаси орқали чакана савдони амалга оширишга мажбур бўлишади. Энди ЯТТ ва ўзбандлар Paynet (Xolis) ҳамёнида жамланадиган тушумларидан 1% солиқ тўлашади. Айни пайтда ЯТТ ва ўзбандлар ҳамёндан Humo ёки Uzcard карталарига пул чиқариб олиш учун Paynet (Xolis) фойдасига 0,9% комиссия тўлашларига тўғри келади. Юзминглаб хусусий тадбиркорлар ва миллионлаб ўзбандларнинг давлатга тўланадиган 1% солиғи тушунарли, бу 2026 йил бюджет қонуни билан белгиланган солиқ мажбурияти. Бу солиқлар таълимга, тиббиётга, ногиронлар-у, етим-есирларга кетади. Бунга заррача эътироз ва савол бўлиши мумкин эмас. Лекин Paynet’га тўланадиган 0,9% комиссия қаердан келган. Нега бу хизмат айтайлик, бепул эмас, майли ана 0,1%, 0,2%, бор 0,5% эмас? Агарда ҳуқуқий режимда Paynet’дан бўлак бошқа тўлов ташкилотлари ёки банклар ҳам бўлганида бу саволга ўрин, табиийки, йўқ бўларди. Истаса, Paynet 2% комиссия ўрнатмайдими, лекин ЯТТ ва ўзбандларда нархга қараб танлов бўларди. Alif, Click, Oson ёки Payme ва банклар бу сегментга киритилмаган ва Paynet ясалган якка монополист экан, 0,9% комиссия қаердан келди, деган саволни беришга ҳар бир ЯТТ ва ўзбанд ҳақли. Ўзи бу саволни тилини боғлаб қўйишмаган бўлишса, Рақобат қўмитаси аллақачон қўйиши керак эди (Paynet’нинг феълан адвокатига айланган Солиқ қўмитасидан изоҳ шарт эмас). Маълумот учун, банкларда ҳамёндан картага пул чиқариб олиш ё мутлақо текинга тушади ё бевосита 0,25-0,5% атрофида (балки шунинг учун банклар ҳуқуқий режимга яқин йўлатилмаган). 0,9% комиссия агар режаланган қамров тўлиқ амалга оширилса, Paynet учун миллиардлар дегани (долларда, сўмда эмас). Шунинг учун сарлавҳага чиқарилган савол ҳам миллиард долларлик.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin