
Ўзбекнефтегазда "фавқулодда ҳолат": бензин ва пропан дефицити ва осмон нархлар омборлар монополияси билан ҳам боғлиқми?
Ўзбекнефтегаз раҳбариятининг навбатдаги йиғилишида нефт базаларнинг ҳозирги ҳолати қониқарсиз экани, маҳсулот реализациясида самарали ва шаффоф тизим йўлга қўйилмагани қайд этилган. Айтилишича, 2025 йил давомида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи олдида қарздорликнинг сезиларли ошиб кетгани, ходимлар фаолияти устидан назорат етарли даражада таъминланмагани кескин танқид қилинган.
Аксарият нефт базаларида мавжуд сиғимлардан самарали фойдаланилмаётгани, айрим объектлар бўш тургани оқибатида ортиқча харажатлар юзага келаётгани ва бу даромадга таъсир қилаётганига эътироз билдирилган. Мана шу жойида биринчи марта монополия билан боғлиқ оғриқли масала кўтарилипти. Ўзбекистонда ёқилғи монополияси нафақат ишлаб чиқариш, тақсимот ва импорт каналлари воситасида, айнан темир йўлдан бошланадиган инфратузилмалар занжиридаги тўсиқлар, хусусан омборларнинг тарифлари атайин жуда юқори ўрнатилгани билан ҳам боғлиқ. Моноплоист ва олигархияга оид бўлмаган мустақил импортчилар йирик ҳажмда ёқилғи импорт қилмаслиги, аниқроғи қила олмаслиги саббаларидан бири ҳам шунда — тақиққа айланган тарифларда. Сақлайдиган жой бор, лекин кимки сақласа, зарарга чиқади. Йирик омборлар инфратузилмаси ё монополист ё шонли олигархнинг қўлида.
Рақобат қўмитаси, афсуски, Ўзбекистонда ёқилғи қимматлиги сабаблари ўлароқ ҳеч қачон бу масалани кўтармаган, кўтарган бўлса ҳам, монополист ва олигархларнинг шотирлари тўпланган комиссияларга берилган ёпиқ ҳисоботлардан нарига ўтмаган.
Дарвоқе, Ўзбекнефтегазда "фавқулодда ҳолат" эълон қилинипти. Бу худди Ўзбекистонда 2026 йил коррупцияга қарши курашиш бўйича фавқулодда ишлаш йили деб эълон қилинишининг давоми бўлса керак.
Суратда шохобчалардаги энергофляция картинаси. Маҳаллий, яъни Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган бензин ва пропан шохобчалардан йўқ бўлиб бормоқда.