Минимал истеъмол харажатларини оширмасдан камбағаллардан қанча пул тежаш мумкин?
Минимал истеъмол харажатларини инфляциядан паст даражада ошириш (бунга баҳона ҳар сафар топилади) ёки индексацияни ойлаб кечиктирилиши биринчи марта эмас.
Эҳтимолки, бундай сансалорликдан мақсад нафақат камбағалликни камайтириб кўрсатиш, айнан камбағаллардан пул тежаш ҳам бўлиши мумкин, чунки қатор нафақа ва ижтимоий тўловлар минимал истеъмол харажатларига боғланган ёки шу қийматдан кам бўлиши мумкин эмас.
Хуллас, доим камбағални туянинг устида ит қопади ёки нони туя бўлади.
Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилингандан 2023 йилдан бери ижтимоий ёрдам ва нафақаларни кесиш ва қисқартириш нормага айланган. Айни пайтда, ижтимоий харажатлар пайдар-пай камайиб, кесилаётгани фонида давлат бошқарув харажатлари потираб ошишдан тўхтагани йўқ.
2025 йил якунлари билан ҳам бу антиижтимоий жараён давом этган: Газетанинг Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан олинган маълумотлардан олиб ёзишича, 2025 йилда давлат бошқаруви ва ҳокимият органлари (вазирлик ва идоралар), адлия тизими, прокуратура ва судларни сақлаш учун 22,3 трлн сўм йўналтирилди. Бу режалаштирилган ҳажмдан (18,6 трлн сўм) қарийб 3,7 трлн сўмга ёки тахминан 20 фоизга кўп.
Нафақалар, моддий ёрдам ва бошқа имтиёзли тўловлар учун харажатлар режадан кам бўлган — 17,3 трлн сўм ўрнига 15,3 трлн сўм (-11,6 фоиз).
Яна қўшимча изоҳга ҳожат бўлмаса керак.
- https://t.me/the_bakiroo/6760@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/10645@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/10646@the_bakiroo
- https://www.gazeta.uz/uz/2026/02/11/maintenance-of-officials/gazeta.uz