Стипендиялар камбағаллик кўрсаткичидан ҳам 20%га камроқ
Олий таълим вазири Қўнғиротбой Шарипов стипендияларнинг оширилмаётгани ва камлигини уларнинг тўлов-контрактларга боғлангани билан тушунтирипти. Назаримизда, ҳурматли вазирнинг келтирган важлари анча баҳсли, айниқса, 2023 йил 1 майдан Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилингани ҳисобга олинса.
Конституциянинг 46-моддасига асосан, “Қонунда белгиланган пенсиялар, нафақалар ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмас”.
Ростанам, охирги 5 йилда ОТМлар учун тўлов-контракт бир марта 15%га оширилди, лекин стипендиялар 10%га индексация бўлди. Ижтимоий минимумлар эмас, мутаносиблик нуқтаи назаридан қаралса ҳам, шу ердаям адолат бўлгани йўқ.
Лекин, ёндашувдаги асосий янглишув шундаки, стипендия бюджетда ўқиётган юзминглаб талабалар учун академик тўлов эмас, айнан ижтимоий ёрдам вазифасини бажаради. Яъни стипендиялар миқдорини белгилашда ОТМга ўқиш учун контракт-тўловга боғланишида ижтимоий ва ҳатто бозор рационаллиги йўқ.
Ҳозирда базавий стипендия 570 минг сўмга етмайди, камбағаллик чегарасини белгиловчи минимал истеъмол харажатлари эса 715 минг сўм. Яъни базавий стипендия миқдори камбағаллик минимумидан ҳам 20%дан кўпроққа кам.
Стипендияларнинг минимал истеъмол харажатларидан ортда қолиши айнан Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилинган 2023 йилдан кейин бошланган.
Вазир ОТМларда стипендия қўшилган ўқиш таннархи ва контракт миқдори ўртасидаги фарқ супер-контрактлар ҳисобидан ёпиб келинаётганини таъкидлаган. Буям таълим бозорига ва рақобат муҳитига нотўғри ва қийшиқ сигналлар беради.
Шунинг учун, агар Ўзбекистонни ижтимоий давлат деб кўраётган эканмиз, биринчидан, давлат ОТМларида бюджет ҳисобидан (яъни давлат буюртмаси ҳисобидан) ўқиётган талабалар учун стипендияларни ижтимоий ёрдам ўлароқ кўришимиз ва унинг энг кам миқдорини камбағаллик чегарасидан пасайтирмай индексациялаб боришимиз даркор. Иккинчидан, ОТМ тўлов-контракт миқдорини белгилашда таннархга стипендия харажатини қўшиш амалиётидан воз кечиш даркор (стипендия давлатнинг ижтимоий мажбурияти, университет харажати эмас!), университетларга академик мустақиллик бераяпмизми, марҳамат, улар мустақил нарх сиёсатини юритсин, бусиз рақобат бўлмайди. Шунда аслида легаллаштирилган коррупция канали бўлган суперконтрактлардан ҳам воз кечиш мумкин бўлади. Учинчидан, давлат университетларига эркин нарх белгилаш ҳуқуқи берилса, уларни нарх ўсишидан ким тийиб туради деган савол туғилиши табиий. Жавоб битта: хусусий университетлар ва эркин олий таълим бозори!
- https://vaqt.uz/oz/news/ozbekistonda-talabalar-stipendiyasi-nega-oshirilmayapti-vazir-izoh-berdi-24304vaqt.uz
- https://lex.uz/docs/6445145lex.uz
- https://t.me/the_bakiroo/8541@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/10206@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/8428@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/7709@the_bakiroo