Ўзбекистонда медиана иш ҳақи қанча? 3 млн.сўм? 5 млн.сўм?
Миллий статистика қўмитаси синов тариқасида медиана иш ҳақи ва иш ҳақининг модал интервалини ҳисоблашни бошлаган. Бу ҳақда қўмита Газетага маълум қилган.
Бу жуда яхши янгилик. Чунки Ўзбекистонда эълон қилинадиган ўртача иш ҳақи бу меҳнат бозоридаги реалликни аниқ ва тўлиқ акс эттирмайди. Бунинг устига ҳисоб-китобларга микрофирмалар ва қишлоқ хўжалиги корхоналаридаги маошлар қўшилмайди. Агар қўшилса, росман ўртача маош 18-20% камроқ чиқади.
6,8 млн.сўм ўртача маошни асос деб кўрсак ҳам, бунда кам сонли, лекин бир неча ўн миллион ёки юз миллион сўм маош олувчиларининг таъсири бор. Медиана иш ҳақи эса — маош олувчи ходимларнинг ярми ундан кам, қолган ярми эса ундан кўп иш ҳақи оладиган нуқтани ифодалайди. Яъни медиана ўртача иш ҳақидан фарқли равишда, жуда юқори иш ҳақи олувчи кичик гуруҳ таъсирига камроқ боғлиқ бўлиб, меҳнат бозоридаги «оддий ходим» ҳолатини аниқроқ кўрсатади. Айтайлик, қайсидир компанияда 5 нафар топ менежмент оладиган юз миллионлаб маош ва 50 ишчилар оладиган 10 миллиондан кам маошнинг ўртачаси 15 миллион сўм чиқиши мумкин, лекин медианаси 8 миллион сўмдан ошмайди.
Ўзбекистондан фарқли равишда, масалан. Қозоғистонда маошлар медианаси доимий равишда ҳисобланади ва очиқланади. Айтайлик, 2026 йил 1 апрель ҳолатига Қозоғистонда ўртача маош 461 486 тенге (11,5 млн.сўм) бўлган, лекин маошлар медианаси 331 527 тенгени (8,3 млн.сўм) ташкил этган. Яъни медиана маош ўртача маошдан қарийб 30% кам бўлган.
Ўзбекистонда бу фарқ янаям каттароқ бўлиши мумкин, агар меҳнаткашларнинг маошлари тўлиқ қамраб олинса.
Ёзилишича, медиана маош кўрсаткичларини 2027 йилдан бошлаб босқичма-босқич равишда ҳисоблаш ва расмий статистика доирасида эълон қилиш амалиётини жорий этиш режалаштирилмоқда.