Янги ташаббусларда "Чорва вазирлиги"нинг сервис компанияси ўртамчи бўлади
Ҳар қандай муаммонинг ечимини аслида шу муаммоларни яратганлар ва чуқурлаштирганлар учун янги чўнтаклар ва имтиёзлар яратиб бериш тажрибаси, афсуски, тўхтагани йўқ.
Охирги йиллардаги фаолиятининг натижаси чорва сонининг кескин қисқариб кетгани (мисли кўрилмаган маблағлар ва кредитлар ажратилганига қарамай), истеъмол бозори гўшт импортига қарам қилиб ўтқазилгани ва нархларнинг тинимсиз ошиб бориши билан характерланадиган "Чорва вазирлиги" (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси вориси) танқидий ўрганилиб, балки тугатилиши ўрнига янги ваколатлар билан сийланмоқда (йиллар давомида чорва сонини ошириб, қўшиб ёзиб, кўрсатиб келингани учун ким жавобгар бўлиши ҳам кун тартибига чиқмай қолди).
Энди янгиланган "вазирлик" қошида махсус чўнтак — МЧЖ шаклидаги сервис корхонаси ташкил этилади. Сервис корхонаси чорва импортидан тортиб, чорвачилик жараёни ва лойиҳаларигача воситачига айланади. Ва бу воситачилик учун улкан “молиявий елка” тақдим этилади. 70 миллиард сўм фоизсиз ссуда ва сўраганича 10% ставкада 10 йиллик имтиёзли кредитлар.
Эвазигачи, деган савол туғилиши мумкин. Лекин эвазига янги ўртамчи воситасида қандай мақсадли кўрсаткичларга эришиш масаласиям, нарх барқарорлиги ҳам, очиқлик ҳам, ҳисобдорлик ҳам кўтарилмаган (охирги ҳужжатларда маблағ ва ваколатлар берилган идоралар учун аниқ мақсадли кўрсаткичлар ҳам қўйилаётганди). Хўп, жаноблар. Хаш-паш дегунча, 2030 йил келади. Нима натижа ва қандай кароматлар кўрамиз?
Бу ғаройиб ташаббуслар худди шонли энергетикларга 2017-2021 йилларда космик кўламда маблағлар ва имкониятлар берилиб, ҳеч қандай натижа бўлмагач, қайтанга ортга кетиш кучайиб, янги энергетик хатарлар сунъий равишда яратилгач, 2023 йил январдан кейин яна қўшимча — аввалгидан-да кўпроқ маблағлар берилгани, хатарларни яратганларга энергетик хавфсизлик масаласи ҳам топшириб қўйилганини эслатади.