Қулоғининг ранги қанақа бўлиши керак: Veolia Energy Tashkent ақлли счетчиклар тендери кимга мўлжалланган?
Монополист Veolia Energy Tashkent иссиқ сув кўрсатгичларини масофавий узатиш имконини берадиган ультратовушли Ду-15 ҳисоблагичларни етказиб бериш бўйича тендер эълон қилган (ҳозирча эълонлар фақат саноқли рус тилли нашрларга жойлаштирилган).
Тендер мезонлари иштирокчилар учун қўйилган ва муҳим дейилган айрим талаблар эътиборни тортмаслиги мумкин эмас.
Хусусан, талабгор етказиб берувчи сифатида сўнгги 3 йил давомида муваффақиятли ва амалда тугалланган ҳамда МДҲга кирувчи Марказий Осиё мамлакатларида масофадан кўрсаткичларни узатиш имкониятига эга иссиқ сув ҳисоблагичларини етказиб бериш бўйича таклиф этилаётган шартномага ўхшаш бўлган камида битта шартномада иштирок этган бўлиши керак.
Демак, МДҲга Марказий Осиёдан фақат 4 мамлакат киради (Туркманистон кузатувчи). Шунингдек, Марказий Осиёда фақат Қозоғистон ва Ўзбекистондагина иссиқ сув бўйича ақлли ҳисоблагичлар ўрнатишда саноқли тажрибалар мавжуд.
Юқоридаги каби ғаройиб талаблар, аввалбошданоқ тендерда иштирок этиш мумкин бўлган иштирокчилар қамровини кескин торайтиради (тендерлар аввалбошданоқ кабинетларда келишилиб, шартлашиб қўйилганда кўпинча шундай торайтириш мезонлари кузатилади).
Аввалроқ, Veolia Energy Tashkent масалан, Сергели-7 ва Қўйлиқ 1−7 (жами 20 000 та ҳисоблагич) — Mainlink компанияси билан биргаликда синов лойиҳасини ўтказганини овоза қилганди.
Компания 2026 йилда 100 минг ақлли счетчик ўрнатиш режалари мавжудлигини маълум қилган.
Қизиғи, ҳали мазкур тендер 25 сентябргача давом этса-да, айрим туманларда ақлли счетчиклрани ўрнатиш августи ойиданоқ бошлаб юборилган (масалан, Миробод туманида).
Ўтган қишда монополист ўз ҳамкорлари билан ўрнатган ақлли дейилган, лекин амалда ақлли бўлиб чиқмаган счетчиклар бўйича оммавий шикоятлар пайдо бўлганди. Истеъмолчилар, ускуналар ахборотларни автомат тарзда узатилмаётгани, уларни қўлда узатиш эса имконсиз эканидан нолишган.
Ўрнатилаётган ақлли счетчиклар текин дейилгани билан, ҳечам текинмас, якунда уларнинг қиймати албатта, каррасига оширилиши режалаштирилаётган тарифларга қўшилади (худди қиймати каррасига шиширилган газ ва электр счетчиклари каби).
Коррупцияга қарши кураш агентлиги ими-жимида эълон қилинган тендер бўйича алоҳида эътибор ва меҳр билан ўрганишларни амалга оширишидан умидвормиз.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги пойтахт иссиқлик таъминоти ишончли бошқарувга берилгандан кейин ўзи нима натижаларга эришилди, қўйилган вазифлар ва мақсадлар қандай бажарилмоқда, бошқарувчига қандай тўловлар тўланмоқда, бир ахборот берса бўларди.
Турли туман тажриба-ю, ўзлаштиришларнинг истеъмолчи бўйнига илаверишнинг ҳам чеки-чегараси бор.
- https://t.me/the_bakiroo/12975@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/10559@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/10692@the_bakiroo