Рус князликларига қиёс Қирғизистон
Бугун Қирғизистонда президентлик сайлови. Ўтган йили 4 октябрдаги парламент сайловидан кейин уюштирилган ғалаёнлар ортидан қонуний президент Жеенбеков ҳокимиятдан четлаштирилди, янги сайланган парламент иқтидорга келтирилмади. Ташқи кучлар (Россия) ва криминалнинг қўллови, аслида ваколати тугаган парламент воситасида жиноий ўтмишга эга бўлган Садир Жапаров ҳокимиятга келтирилди. Келмади, айнан келтирилди.
Бугун бўлаётган "сайлов" амалда гўёки Жапаровнинг давлат тўнтаришини легитимлигини "ҳужжатлаштириб" қўйиш ҳолос.
Бугунги Қирғизистон таъбир жоиз бўлса Олтин ўрданинг унга вассал бўлган рус князликларини эслатади. Олтин Ўрда даврида рус князларининг асосий вазифаси ўз ҳудудини талаш, бойлик орттириш, орттирган бойлигининг асосий қисмини Олтин Ўрдага ўлпон сифатида тўлаш ва ундан ёрлиқ олиб туриш бўлган. Агар князларнинг ҳатти-ҳаракати ёқмай қолса Олтин Ўрда жуда осонгина князлардан воз кечиб қўя қолган, ё ўлдиртирган ё қувғин қилган. Янги қўйилган князь эса Ўрда олдида мутелик ва садоқатни намойиш этиш учун олдингисидан ҳам ортиқроқ даражада князликни талон тарож этган.
Хуллас, жон қўшнимиз Қирғизистонни олдинда ўта мураккаб ва оғир дамлар кутмоқда. Мамлакат бўғзигача қарз ботқоғига ботган. ЕОИИга қўшилиш ожизгина бўлса ҳам мавжуд бўлган енгил ва озиқ-овқат саноати, минтақавий савдо хаби имкониятларини ўлдирган. Мамлакат энергетикаси, банк тизими, қазиш саноати тўлиқ ташқи бошқарув ихтиёрида. Қирғизистонликларда иккитагина имконият қолган ё Россияга мардикорчиликка кетиш ёки қароқчиларга қўшилиб мамлакатни талашда давом этиш.
Кремлдан фатво ва ёрлиқ олган Жапаров ташқи қарзни мамлакат табиий бойликларини топшириш билан ҳал этишини яшириб ўтиргани йўқ. Ҳомийларининг қўлида ўйинчоқ бўлган, масъулиятсиз ва тутуруқсиз бу сиёсатчи ўз одати ва ўлчовларига кўра турли низо, тўқнашув ва кескинликлар яратишдан тап тортмайди. Чегара, сув, транзит масалалари яна кўндаланг бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Эътиборда тутиш лозимки, бандитлар улар билан фақат куч ва темир ирода билан мулоқот қилганларни тан оладилар, улар маданият, қонунлар ва қадриятларни ожизлик ўлароқ қабул қиладилар.
@the_bankiroff