Аҳоли даромадлари ҳақида маънавиятсиз саволлар
Расмий статистикага кўра, 2020 йилда аҳолининг реал даромадлари 2,6%га ўсган.
Бу ҳодиса ЯИМнинг расман 1,6%га ўсиши фонида юз бермоқда.
Айтиш жоизки, 2019 йилда ҳам ЯИМ 5,5%га ўсган бир шароитда аҳолининг реал даромадлари 6,5% ўсгани қайд этилган.
2018 йилда ЯИМ 5,1%га ўсгани ҳолда, реал даромадлар 10,3%га ўсган.
2017 йилда бу кўрсаткичлар мос равишда 5,3% ва 10,3%ни ташкил этган.
Бошқача айтганда, 4 йилдан буён аҳолининг реал даромадлари иқтисодиётнинг ўсишидан тезроқ ўсган.
Шу ўринда савол туғилади.
Нега даромадларнинг ўсишини кенг аҳоли қатламлари ўз танасида ва турмуш тарзида ҳис қилмаяпти? Қашшоқлик, иқтисодий ночорлик, ўрта синфнинг йўқ бўлиб бориши каби ҳодисалар авж олаяпти?
Балки бу энг бой 10% қатлам даромадларининг ўсиши ҳисобига юз бераётгандир?
Балки аҳоли даромадларини даромадлар шкаласи бўйича таҳлили ўтказилса , даҳшатли картинага дуч келармиз?
Ойига 1 млн сўмгача даромадга эга қатламда реал даромадлар ўсиши юз бераяптими ё камайиши?
Ойига 1-3 млн сўмлик даромадларга эга қатламдачи?
Балки аҳолининг мутлақ кўпчилик қисмининг қамраб оладиган шу сегментларга кўпроқ эътибор қаратармиз?
Йилдан йилга кучайиб бораётган, лекин бу ҳақда сукут сақланаётган ижтимоий тенгсизликка эътибор қаратармиз? Ижтимоий тенгсизлик келтириб чиқарадиган ёвуз оқибатлардан сизлар қўрқмаётган бўлсангиз, мен қўрқаман.
Ҳа дарвоқе, аҳоли даромадларининг иқтисодий ўсишдан тезроқ суратда ўсиб бораётгани яна бир муаммо - меҳнат унумдорлигини пасайиб бораётганидан ҳам сигналлар беради.
Лекин бу сигналлар ҳозирги кун тартиби муҳокамасида ҳатто мавжуд ҳам эмас. Янграётган баёнотлар, қилинаётган ҳаракатлар, юритилаётган сиёсатлардан келиб чиқилса, ўзи жуда паст бўлган меҳнат унумдорлигини ўсишини таъминлашдан кўра, онгсиз равишда уни янада пасайтириш йўлидан юрилаётгани яққол кўринади.
@the_bankiroff