Жапаров Қирғизистони
Қирғизистон Президенти Садир Жапаровни хон деб эълон қилишни таклиф этган Акилбек Жапаров кеча мамлакат бош вазири этиб тайинланди. У бир вақтнинг ўзида Президент администрацияси раҳбари ҳам ҳисобланади.
Мутлақо тасодифга кўра Акилбек Жапаров ҳокимиятни куч ишлатиш йўли билан эгаллаб олган, бандит ўтмишга эга Садир Жапаровнинг узоқ йиллик ошнаси ҳам.
Садир Жапаров ҳокимиятни эгаллаб олгандан кейин Конституцияга киритилган ўзгартиришларга кўра, энди у Бош вазир ва ҳукуматни ҳам ўзи тайинлайди. Истаса истеъфога чиқаради. Ҳукуматнинг шаклланишида Парламентнинг роли деярли йўққа чиқарилган.
Шунинг учун Садир Жапаров ўзининг узоқ йиллик ошнаси ва айтиш мумкинки шотирини бош вазир этиб тайинлаганидан асло ҳайратга тушмаслик керак. Марказий осиё яна битта автократия билан бойимоқда, энди худо ярлақаган бу минтақада демократияга ишора берувчи биронта доғ қолмади.
(Садир) Жапаровнинг яккаҳокимлигига яқин орада энди ҳеч бир куч тўсқинлик қила олмайди, шу маънода ҳокимиятни эгаллашдаги шериги Қамчибек Ташиевнинг таъсир кучи секин-аста сўниб боришини прогноз қилиш қийин эмас.