Ўзбек ҳокимлари фермерларга нисбатан янги ўйинларни бошлашмоқда. Сиёсий даражада ечимлар керак!
Бу йилдан бошлаб пахта етиштирувчи фермерлар бир вилоят ҳудудида исталган бошқа кластер билан ишлашига ва фьючерс контрактациясини амалга оширишига тўла ҳаққи бор.
Амалдаги кластер уни қониқтирмаяптими, бошқа самарали ва ўз мажбуриятларига жавоб берадиган, бозор рақобатига тайёр кластер билан ишлашга ҳақли фермер.
Лекин бу ўзини маҳаллий феодал ўлароқ кўрадиган ҳокимларни қаноатлантирмаслиги аниқ. Чунки ўзбек ҳокимлари фермерларни ҳам, кластерларни ҳам ўзининг мулки ва хизматкори деб ҳисоблайди.
Шундайлардан бири Ўзбекистон қонунлари унча амал қилмайдиган Андижон вилоятидаги Улуғнор тумани ҳокими Муҳаммадисломиддин Аҳмаджонов. Таниб олинг.
Кун.ўз Улуғнорда юз бераётган қонунсизликлар ҳақида катта репортаж тайёрлапти. Тавсия этаман.
Афсуски, фермерларга кластерни эркин танлашга тўсқинлик қилаётган ҳокимлар битта Андижонда эмас. Бошқа вилоятларда ҳам бу турли кўринишларда юз бермоқда. Фақат фермерлар юзхотирчилик ва қўрқув билан бу ҳақда очиқ мурожаат қилиша олишаётгани йўқ.
Истаса ўғитни, истаса техникани, истаса ёқилғини тўхтатиб қўяди ҳоким. Терим вақтида эса тумандан пахтани чиқармай қўйиши ва ҳибсга олишгача етишади. Чунки самарасиз сектор тизими мелисани ҳам, прокурорни ҳам тийиқсиз ҳокимга бўйсундириб қўйган (Қашқадарёдаги чигит воқеаларида буни яққол гувоҳига айландик).
Агар бу муаммо тизимли тарзда, имкон бўлса сиёсий даражада ҳал этилмаса, ҳокимлар эртага дала-экиш ишлари бошланиши билан ҳокимнинг айтганини қилмаган фермерларга ҳам, кластерларга ҳам етарлича тўсқинлик қилишни бошлашади.