2022 йилда қарийб 7,7 миллион тонна буғдой етиштириш, 600 минг тонна шакар ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда
Кейинги вақтда қўшни ва савдо ҳамкорларимиз бўлган айрим давлатлар буғдой ва шакар экспорти бўйича қатор чекловларни жорий қилди. Глобал бозорларда ушбу маҳсулотларнинг нархлари ошиб бораётгани кузатилмоқда .
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати тақдим этган маълумотларга кўра, 2021 йилда Ўзбекистонда 6 млн 656 минг тонна буғдой етиштирилган. Шунингдек, 2 млн 771 минг тонна буғдой дони ва 357,7 минг тонна ун хориждан (асосан Қозоғистондан) импорт қилинган.
Четга 26,8 минг тонна буғдой ва 949,1 минг тонна ун (Афғонистонга) экспорт учун йўналтирилган.
Янги 2022 йил ғалла мавсумида 7 млн 679 минг тонна ҳосил етиштириш режалаштирилган.
Шакар бўйича. 2021 йилда 595,5 минг тонна шакар (“Ангрен шакар” МЧЖ ва “Хоразм шакар” МЧЖ корхоналари томонидан) ишлаб чиқарилган, 23 минг тонна шакар импорт қилинган. Вазирлик маълумотига кўра, 2022 йилда 600 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган. Маълум қилинишича, 2022 йил март-май ойларида таъминотчилардан 180 минг тонна хомашё етиб келади. Бундан ташқари жорий йил июнь-октябрь ойларида 200 минг тонна шакар хомашёси олиб келиш режалаштирилган.
Вазирликнинг ишонтиришича, аҳоли ва корхоналарнинг талабини узлуксиз, етарли миқдорда ва барқарор нархларда буғдой, ун, шакар маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда ички бозорларда нархларнинг кескин ўзгаришининг олдини олиш тўлиқ таъминланган.
Вазирлик ғаллага бўлган давлат буюртмаси ва давлат харид нархлари қайтиши бўйича пайдо бўлаётган хавотирларга нисбатан муносабат билдирмаган.