Турғунликка, биқиқликка етаклайдиган қарор
Ҳужжатга кўра, ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги муносабати билан иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишни тақиқлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш сўралган.
Қарияларнинг қарор қабул қилувчиларга айланиши ва узоқ вақт иқтидорда қолиши иқтисодиёт, ижтимоий ҳаёт ва эркинликлар учун қандай оқибатлар яратишини биз 1970-80 йиллардаги Совет иттифоқи, 2010- йиллардаги Ўзбекистон ва ҳатто бугунги Россияда ҳам кўрмоқдамиз.
Эркинликлар чекланиши, ақлли, ақлсиз тақиқлар, ўтмиш ўлчовларининг бугунга қўлланишиши мамлакат тараққиётини энг камида секинлаштиради ёки турғунликка бошлайди.
Оқсоқолларимиз, момоларимизни қўлламоқчи, эъзозламоқчи бўлсак, уларни имкон қадар ишда, мансаб курсисида ушлаб ўтириш шарт эмас, уларга кафолатланган ва мутаносиб турмуш тарзини берадиган замонавий, жамғариб бориладиган пенсия тизимини яратишимиз даркор. Лекин қани ўша замонавий, эртанги кунимизни моддий кафолатловчи пенсия тизими? 6- йил бошланди. Бу ҳақда ҳатто бирон сигнал йўқ. Қайтанга пенсия тизимини бюджетнинг бир қисмига - умумий қозонга айлантириб юбордик. Бугунги пенсия тизимимиз маъно-мазмуни ва мундарижаси 2017 йилдагидан ҳам абгорроқ аҳволда.
Оқсоқолларимиз, момоларимиз шундай пенсия таъминотига эга бўлишсинки, нормал давлатлар қариялари сингари дунё кезишсин, қарилик роҳатини суришсин, дуода бўлишсин. Нега шундай вазифа қўймаймиз? Чунки бунинг тўлови борда. Ишчи, мансаб ўринларини кафолатлаб қўйсак, гўёки тўлови иш берувчилар зиммасида қолади. Осонгина, популистик йўл. Лекин оқибатларини бутун мамлакат қолоқлик билан тўлайди.
Агар шу йўлдан юрсак, катта хатога йўл қўйган бўламиз, эртага биз, бугунги авлод ҳам пенсия ёшига етгач, ўрнимизни ҳеч кимга бўшатиб беришни истамай қоламиз. Ўзбекистон чоллар мамлакати бўлиб қолаверади.
Ҳурматли сайланган депутатларимиз мазкур масалага жиддий, оқилона ёндашадилар, деб умид қиламан.
@the_bakiroo