"Европанинг Россия нефть ва газига тақиқ қўйиши тинчликка йўл очади"
Россия асосан Европага нефть ва газ етказиб бериш эвазига катта миқдорда маблағ ишлайди (кунига 500 миллион евро). Нефть ва газ даромадлари Россия бюджетининг энг муҳим манбаи ҳисобланади. 2021 йилда нефть нархи сезиларли даражада пасайган ҳолатида нефть ва газ солиқлари Россия бюджетнинг 40 фоизини ташкил этган.
Иқтисодчилар Сергей Гуриев ва Олег Ицхоки Германиянинг Spiegel нашрида эълон қилинган мақоласида айтилишича, Россия хом ашёни сотишдан тушган даромадларни, жумладан, можарони молиялаштиришга ҳам йўналтиради.
Spiegel нашрида эълон қилинган мақоланинг муҳим тезислари газетаўз томонидан ўқувчиларга тақдим этилган.
"Агар Россия бюджети нефть ва газ экспортидан тушадиган даромаддан маҳрум бўлса, аскар ва офицерларнинг маошларини қисқартириши ёки пулни босиб чиқариши керак. Аммо пулни босиб чиқариш хавфли — инфляция шундоқ ҳам ҳафтасига 2% га етди, экспортга тақиқ қўйилган вақтда пул босиб чиқариш эса инфляцияни янада тезлаштиради. Яъни Россиядаги режимнинг устунлари — полиция, бюрократлар ва пропагандачиларнинг реал маоши камаяди", — дейилади мақолада.
"Россия нефтининг ярми ва газ экспортининг тўртдан уч қисми Европага тўғри келади. Транспорт инфратузилмасидаги чекловлар ва Европа бозорининг ҳажмини ҳисобга олган ҳолда, Хитой ва бошқа мамлакатлар ҳисобига экспортни қоплашнинг иложи йўқ".
"Россия нефтини тақиқлаш Европа иқтисодиётига жиддий зарба беради, аммо бунга дош бериш мумкин. Немис иқтисодчилари эмбаргонинг қийматини мамлакат ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) 0,5−3 фоизига, ёки аҳоли жон бошига тахминан 120−1200 еврога тенг деб ҳисоблашди. Маълум қилинишича, бу мўътадил турғунлик (иқтисодий инқироз) даврига тенг ёки коронавирус пандемияси немис иқтисодиётига етказган зарардан камроқдир".