Қўшниларга мактаб қуриб беришда паритет ва иқтисодий маъно йўқ
Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев ўзимизда мактаб етишмовчилиги бўла туриб, Қирғизистон ва Тожикистонга мактаб қуриб бериш ҳаракатларини оқлаган ҳолда, буни қўшнилар ўртасидаги ҳамкорлик деб атапти.
Аввало айтиш керакки, ҳамкорлик тенг паритетлар асосида бўлиши керак. Майдалашиш ўрни эмас, биз Қирғизистонга қуриб берган ва қураётган мактаблар сони, унга сарфланган маблағлар билан Қирғизистон қанақадир қуриб берган боғчасининг ўртасида жуда катта фарқ бор. У ерда яшаётган бизни миллатдошларимизга шароит иддаоси эса тўғри эмас. вазир ўринбосари, мактаблар қурилган ҳудудларга яна бир бор кўз ташлаб қўйса зиён қилмайди.
Иккинчидан, иқтисодий самарадорлик масаласи. Боткен вилояти Марғун қишлоғида Ўзбекистон томонидан қуриб битказилган мактабга 3,5 миллион доллар сарфланган. Бу пулга Ўзбекистонда 10та ўрта ўлчамдаги мактаб қурса бўларди. Ўзбекистон Қирғизистонда мактаб қуришини қўя турайлик, масалан, Андижон вилояти тақсимот бўйича ёрдам учун Сирдарёда мактаб қуриши ҳам доим қимматга тушади. Логистика, транспорт, меҳнат ҳақи, қурилиш материаллари, техника харажатлари қанчалар шиширилишини тасаввур этинг. Бундай лойиҳаларни амалга ошириш жараёни ўғирлик ва ўзлаштиришлар уясига айланишини айтмай қўя қолай.
Учинчидан, жаноб вазир ўринбосари билсалар керак, 1,2 миллионлик ўқувчи ўрни етишмовчилиги бу ўтган йилги маълумот, бу йил ўқувчи ўрни етишмовчилиги 1,37 миллионга етади. Шунинг учун ўтган йилдан бери ваъда қилинаётган алоҳида дастурингизни яна қайта кўриб чиқишга тўғри келади. Чунки яқин истиқбол йилларида ҳар йили мактабга кираётганлар сони мактабни битираётганлар сонидан 150-200 минггача кўпроқни ташкил этади. Вазир ўринбосари эслатаётгандек 2−3 йил ичида жуда кўп мактаб қурилаётгани бу етишмовчилик олдида урвоқ ҳам бўлмайди.
Тўртинчидан, 10−15 йиллаб мактаб қурилмаганини эсланипти. Ҳа, тўғри. Чунки "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури"га кўра бунга зарурият бўлмаган. Мактабларнинг етишмовчилиги коллежларнинг битта қарор билан ёпиб юборилиши оқибатида юзага келгани балки тан олиниши керакдир. Бу иш нотўғри бўлгани, бу қарорга келишдан аввал мактаб қувватлари инобатга олиниши ҳақида, афсуски, ўша вақтда ҳайбаракаллачи ва қарсакбозларнинг биронтаси қарор қабул қилувчиларга етказмаган. Коллежларнинг ёпилиши яна нотўғри бўлгани исботи шуки, мана вақт ўтиб ўша коллежларда миллиардлаб пул сарфлаб, яна касб-ҳунар мактаблари, касбга тайёрлов курслари очилаяпти.
Хуллас, мен токи, мактаб муаммоси ҳал бўлмагунича минг сиёсий маъноларга эга бўлсада, қўшниларга мактаб қуриб ёрдам кўрсатишга қаршиман, бунақа "бор товоғим-кел товоғим" иррационаллик тўхтатилиши зарур. Энг аввал ўзимизнинг муаммоларимиз устувор, имкон ва маблағ қолса, бойиб, фаровон бўлиб кетсак, кейин қолганлар.
@the_bakiroo
- https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official/24760@Rasmiy_xabarlar_Official