Ўзбекистон қонунлари ишламайдиган қишлоқ хўжалиги ҳақида
Кунўз ёзмоқда:
"Айтишларича, янги ташкил этилган кластернинг эгаси вилоятдаги юқори мартабали мансабдорнинг қариндоши бўлиши мумкин".
Ўзбекистон қонунлари ишламайдиган, феодал ҳокимларнинг амлокига айланган бутун бошли вилоятлар бор - бу ҳақда кўп ёзамиз. Бу ҳам майли.
Ўзбекистон қонунлари ишламайдиган бутун бошли тармоқлар бор. Шундай тармоқлардан бири - ўрта аср феодализми ва совет колхозчилиги анъаналари амал қилишда давом этаётган қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳисобланади.
Қишлоқ хўжалиги эълон қилинган ислоҳотлардан ва қонунлардан ташқари эканинини бош сабаби, менинг назаримда, бу соҳадаги ҳукумат сиёсатини дунёқараши, иш юритиши, мақсад-муддаолари ҳокимларникидан асло фарқ қилмайдиган шахслар томонидан белгилаб келинаётганидир. Ростанам, агар янги даврда олиб қарасангиз, ҳукуматда қишлоқ хўжалигига ҳеч бир танаффуссиз ҳокимлардан чиққан ва сифати ҳоким даражасидаги одамлар раҳбарлик қилиб келмоқда. Улар учун қонунлар ҳам, иқтисодий самарадорлик ҳам, ҳуқуқ ҳам, мулк ҳуқуқи ҳам асло аҳамиятга эга эмас.
Агар 2017 йилдан бошлаб ҳисобланилса (нариги даврнинг статистикаси бузуқ деб ҳисоблаб турайлик), иш билан банд аҳоли қисқарган ягона соҳа қишлоқ хўжалиги ҳисобланади. Нега? Чунки қишлоқ хўжалигига ҳалиям бозор, қонунлар кириб келгани йўқ. Бозор йўқ жойда, қонунларга амал қилинмайдиган маконда эртанги кунга ишонч бўлмайди. кафолат йўқ, демакки янги ишчи ўринлари ҳам яратилиши иқтисодий жиҳатдан маъносиз. Россиянинг совуқ ўлкалари, Қозоғистоннинг чўл-у даштларида хор-у зор бўлаётган миллионлаб ватандошларимизнинг аччиқ қисматида қишлоқ хўжалигини абгор этган мана шу зўравонларнинг алоҳида айби бор. Бу ишбузарларнинг зараркунанда сиёсатидан энди ўзбекистонликлар биздан 1,5 баробар қашшоқ Қирғизистонга бориб ҳам мардикорчилик қилишга ўтишмоқда.
Қишлоқ хўжалигида мулк ҳуқуқи қуш ҳуқуқидан бадтар аҳволда. Аввалига фермерларнинг ери ва мулклари мақбуллаштириш, йириклаштириш, майдалаштириш - умуман олганда "ойболта сиёсати" билан тортиб олиниб, қайта тақсимланиб келган бўлса, охирги икки йилда навбат кластерларга етди. Чунки кабинетмен ўғрилар тушуниб етишдики, ишни тўғри йўлга қўйган, техник, технологик янгиланишларни амалга ошираётган, ишлаб чиқаришда, сотишда, шартномаларда ҳисоб-китобларни жойига қўйган кластерлар ва уларнинг ҳамкорлари фермерлар яхшигина даромад топа бошлашди. Очкўз кабинетменлар буни ўз ҳолида қолдира олармиди? Йўқ, албатта. Қолаверса, уларнинг тепада, қишлоқ хўжалигини қонунлар билан тартибга солувчилар эмас, протоколлар орқали бошқаришни шиорга айлантирган валийнеъматлари, ҳомийлари қўллаб-қувватлаб турса. "Фас, мен ўзим жавоб, олганинг сеники, қолгани бизники қабилида" иш тутилса.