Охири кўринмаётган протекционизм ҳақида
Ўтган кунги суҳбатда Миркомил уруш билан боғлиқ янги чақириқлар шароитида протекционизм турли ниқоблар орқали фақат кучайиб бориши ҳақида некбин фикрларни айтганди. Мен қўшилмагандим, чунки ҳамиша якунда соғлом ақл ғолиб бўлишига ишониб келганман.
Қарангки, бир кун ўтмади ва Миркомилнинг хавотирлари яна ўзининг исботини топди: 120 турдаги дори воситаларини маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан 3 йил муддатга кафолатли харид қилиш бўйича кўрсатма берилди. Кафолатли харидлар Давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади.
Маҳаллийлаштириш шиорини байроқ қилиб олганларга уларнинг ҳимояси учун жорий қилинган аждарҳо божлар, нотариф тўсиқлар, солиқ имтиёзлари, давлат харидларида хорижда ишлаб чиқарилган товарларни тақиқлаш, маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан импорт товарларининг нархидан 15 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда преференция ҳам етарли бўлмаётган кўринади.
Энди имтиёзхўрлар кафолатланган харид деган дарчани ўйлаб топишмоқда ва амалга киритишмоқда. Протекционизмнинг ҳар қандай шакли сингари кафолатланган давлат хариди нархларнинг ошишига, сифатнинг пасайишига олиб келади. Солиқ тўловчилар ҳисобидан Ҳукуматнинг чап ва ўнг биқинидаги фармақиролларнинг бойиши юз беради.
Кафолатланган харид, афсуски, фақат фармацевтикадаги имтиёзхўрлар билан чекланмайди. Сал нарида маҳаллий маиший ва электр техника ишлаб чиқарувчилар, маҳаллий қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилар тамшаниб турипди, бизга-чи деб.
Турли кўринишларда протекционизм воситаларини йиллар давомида кенгайтириб келатганлар ўзларига савол берармикан: маҳаллийлаштирилган биронта ўзбек товари ё хизмати шунча йиллар давомида ҳимоялашлардан кейин ички ва ташқи бозорда рақобатга, соғлом рақобатга бардош берадиган даражага етдими? Етмаган бўлса, яна неча авлоднинг умри шу имтиёзхўрларни боқишга, бойитишга сарф бўлади?
@the_bakiroo