Шартли янги прогноз: инфляция йил якунлари бўйича 12-14 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда
Марказий банк асосий ставкани 17% даражасида ўзгаришсиз қолдириш бўйича қарори релизи эълон қилинди.
Регулятор шаклланган вазият ва келгуси ойларда кутилаётган иқтисодий шароитлар пул-кредит соҳасида кўрилган чоралар таъсири (самараси) тўлиқ юзага чиқмаганлигини ҳамда ушбу жараённинг ҳали ҳам давом этаётганлигидан келиб чиқиб, пул-кредит сиёсати чораларининг иқтисодиётда тўлиқ акс этишини таъминлаш мақсадида жорий пул-кредит шароитларни сақлаб қолишини маълум қилган.
Шунингдек, Марказий банкнинг макроиқтисодий прогнозлари шартли равишда янгиланган:
Асосий сценарий бўйича импорт инфляцияси, ишлаб чиқариш, логистика ва етказиб бериш билан боғлиқ таклиф омиллари таъсирида инфляция даражаси йил якунлари бўйича 12-14 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда (дастлабки прогноз 8-9 фоиз).
Трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг ўтган йилга нисбатан 18-25 фоизга камайиши эҳтимоли юзага келмоқда.
2022 йил якунлари бўйича мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши 3,5-4,5 фоиз доирасида кутилмоқда (йил бошидаги прогноз 5,5-6,5 фоиз).