Учинчи шахслар воситасида банк картаси очилмаслиги ҳақида
Марказий банк Бошқаруви йиғилиши олдидан журналист ва блогерлардан рус тилида келиб тушган саволларга рус тилида, ўзбек тилида келиб тушган саволларга ўзбек тилида жавоблар эълон қилинди.
Рус тилида саволлардан бири россияликлар учинчи шахслар воситасида (ишончнома ёки паспорт нусхаси билан) банк картаси расмийлаштириши мумкин ё мумкин эмаслиги тўғрисида бўлди.
Регуляторнинг жавоби қатор Россиянинг каналлари орқали "Ўзбекистонда россияликларга учинчи шахслар воситасида банк картаси очишга рухсат берилмайди" тарзида тарқатилди. Табиийки, кейинги талқинлар янада кенгайтирилди, ўзгача хулосалар ясаб олганлар ҳам бўлди .
Айтиш лозимки, Ўзбекистонда учинчи шахслар номидан ишончнома ёки бошқа ҳужжатлар билан ҳисобварақлар ёки банк карталари очиш нафақат россияликларга, барча учун, ўзбекистонликларга ҳам тақиқланган. Бу қоидаларга 13 йил бўлди ва қоидалар халқаро стандартлар ва амалиётга тўла мос келади.
Ҳисобварақлар ва банк карталари очиш учун жисмоний шахслар шахсан ўзлари идентификацияланишлари ва ариза беришлари шарт.
Дарвоқе, масофавий (рақамли) идентификацияланиш ҳақида. Масофавий идентификацияланиш Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий ёки вақтинча яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан қўлланилади.