Қирғизистонда кучли табақаланиш давом этмоқда. Ўзбекистонда-чи?
Қўшниларимизда жами даромадларнинг қарийб 44%и энг бой 20% аҳоли қўлида жамланиб қолган. Бойларнинг жами даромадлардаги улуши 2020 йил билан ҳисоблаганда 2,3%га ошган. Бу ҳақда akchabar портали расмий статистикага таяниб маълумот тайёрлаган. Айни вақтда камбағаллар эса янада камбағаллашишда давом этмоқда. Энг кам даромадли 20% қирғизистонликларнинг жами даромадлардаги улуши 7,1%дан 6,3%гача тушган. Эслатиб ўтамиз, Садир Жапаров камбағалликка қарши кураш ва ижтимоий адолатни тиклаш чақириқлари тўлқинида ҳокимиятга келган эди.
Табақаланиш масаласида Ўзбекистонда қўшниларга нисбатан аҳвол бирмунча яхшироқ. Расмий статистикага кўра, энг бой аҳоли жами даромадларнинг 37,6%ига эгалик қилади. Лекин энг камбағал 20% аҳолининг жами даромадлардаги улуши узлуксиз қисқариб бормоқда. 2017 йилда энг камбағаллар жами даромадларнинг 9,3%ига эгалик қилган бўлса, 2021 йилга келиб уларга даромадлар пирогининг 8,4%и насиб қилган холос.