Аҳоли ўсиши ўзи бусиз ҳам тобора мураккаблашаётган мактаб етишмовчилиги муаммосини янада кучайтиради
2021/2022 ўқув йилида умумтаълим мактабларини жами 441,3 минг ўқувчи битирган бўлса, 2022/2023 ўқув йилида 701,9 минг бола 1-синфга чиқади. Ушбу болаларни мактабга қабул қилиш учун 2022/2023 ўқув йилининг ўзида қўшимча 260,6 минг ўқувчи ўрни зарур бўлади. 2021/2022 ўқув йилида мактаблар паспорти бўйича умумий лойиҳавий қуввати 5111,1 минг ўринни ташкил этди. Ҳисоб китобларига кўра, 2026 йилда 7-17 ёш оралиғидаги болалар сони 7642,7 минг нафарни, 2030 йилда эса 8660,8 минг нафарни ташкил этади.
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти ҳисобларига кўра, 2026 йилгача 1,2 миллион ўқувчи ўрни учун мўлжалланган мактаблари қурилишига 18,4 трлн.сўм, 2030 йилгача яна 600 минг ўринли мактаблар қурилиши учун 9,2 трлн.сўм, жами 27,6 трлн.сўм маблағ талаб этилади (бугунги нархларда бўлса керак, изоҳ бизники). Шундан кейин ҳам 1,7 миллион ўқувчи ўрни етишмовчилиги сақланиб қолади.
Дарвоқе, жон бошига ҳисоблаганда ҳам, давом этаётган урбанизация ва миграция жараёнларини инобатга олса ҳам, Тошкент шаҳридаги мактаб етишмовчилиги муаммоси пойтахтдаги энг оғир ижтимоий муаммолардан бирига айланади. Чунки стратегия ҳам, мақсадли кўрсаткичлар ҳам пойтахтдаги мавжуд реалликни умуман инобатга олмаган.